“Бухоро НҚИЗ” МЧЖда 13 октябрь халқаро офатларни камайтириш куни доирасида тарғибот ишлари амалга оширилмоқда
Жорий йилнинг 11 октябрь куни “Бухоро НҚИЗ” МЧЖнинг буғ-ҳаво-газ таъминоти цехи ишчи-хизматчилари ўртасида 13 октябрь – Халқаро табиий офатларни камайтириш куни доирасида тарғибот ишлари амалга оширилди.
Бугунги кунда ҳаётимизда содир бўладиган турли офатларнинг олдини олиш ва улардан келадиган зарарни камайтириш чора-тадбирларини кўриш муҳим масалалардан биридир. Дунёда илмий техника тараққиёти қанчалик ривожланмасин, табиат ва инсон ўртасидаги айрим муаммолар, жумладан, табиий офатлар хавфи йилдан-йилга ортиб, жиддий талофотларга сабаб бўлмоқда.
Йирик ислоҳотлар асносида шаклланиб келаётган бундай муҳим кун нишонланишидан асосий мақсад – табиий офатлар хавфини камайтириш учун қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида хабардорликни оширишдан иборатдир.
Кейинги вақтларда ер куррасида содир бўлган воқеалар: Осиё қитъаларидаги кучли зилзила ва цунамилар, Америка ва Европадаги сув тошқинлари, Россия ва Туркиядаги ёнғинлар айрим табиат ҳодисалари олдида инсоният бирмунча ожизлиги, етарли даражада тайёр эмаслигини кўрсатди. Маълумотларга кўра, ҳар куни дунёда ўртача 200 га яқин киши табиий офат қурбони бўлар экан. Лекин табиий офатларни тизгинлаш, уларнинг олдини олишнинг аниқ кўрсатмаларини ишлаб чиқиш ҳанузгача муаммолигича қолмоқда. Асосий мақсад сайёрамизда табиий офатларнинг хавфини камайтириш соҳасидаги глобал маданиятни шаклантириш, табиий офатлар хавфини бартараф қилиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва офатларга тайёргарликни оширишдир.
Мазкур тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида заводнинг мобилизация ишлари ва фуқаро ҳимояси гуруҳи мутахассиси Д.Э.Аҳадов, Бухоро НҚИЗ объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими инспектори Н.Н.Абдуллаев, тезкор навбатчиси Ў.Ч.Хатамов ва буғ-ҳаво-газ таъминоти цех бошлиғи ўринбосари А.Н.Очиловлар томонидан фавқулодда вазиятнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ҳамда табиий офатлар хавфини камайтириш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.