March 24, 2023

Бухоро НҚИЗда илк марта Евро 4,5 синфидаги SSDF – юқори сифатли ярим синтетик дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-309-сонли қарори билан белгиланган топшириқларни бажариш мақсадида нефть ва газ саноати фаолияти самарадорлигини ошириш, истеъмолчилар эҳтиёжларини сифатли нефть маҳсулотлари билан қондириш, нефть маҳсулотларини диверсификация қилиш, газ-кимё ва нефтни қайта ишлаш саноати кластер тизимини ривожлантириш доирасида инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда Бухоро НҚИЗда SSDF маркали янги турдаги (ярим синтетик) дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

“Uzbekistan GTL” ва Бухоро НҚИЗ мутахассислари билан ҳамкорликда SSDF маркали янги турдаги (ярим синтетик) дизель ёқилғисини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга йўналтириш бўйича қатор тадқиқотлар олиб борилди, натижада юқори сифатли дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

TS 16472899-044 ташкилот стандарти (1-сонли таҳрир) талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган ярим синтетик ёқилғини тайёрлаш учун заводнинг мавжуд ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда “Uzbekistan GTL” томонидан ишлаб чиқарилган GTL синтетик дизель ёқилғиси Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқарилган анъанавий дизель ёқилғиси билан аралаштирилди. Бунда, SSDF ярим синтетик дизель ёқилғиси анъанавий ёқилғига синтетик компонентнинг 50% дан кўп бўлмаган миқдорини қўшиш орқали ишлаб чиқарилади.

2023 йилнинг 16 март куни тажриба саноат партияси ишлаб чиқилди ва 2023 йил 17 мартда янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга тадбиқ қилиш натижалари асосида Бухоро НҚИЗ ДТ Евро-Л-II-К4-SSDF ва ДТ Евро-Л-II-К5-SSDF маркали дизель ёқилғисини серияли ишлаб чиқариш бўйича мувофиқлик сертификатига эга бўлди.

Шуни таъкидлаш керакки, янги турдаги дизель ёқилғиси анъанавий дизель ёқилғисидан яхшиланган цетан сони ва индекси кўрсаткичлари, шунингдек, полициклик ароматик углеводородлар миқдори билан ажралиб туради. Цетан сони ва индексининг ошиши дизель ёқилғисининг эксплуатацион ва иқтисодий кўрсаткичларини яхшилайди ва полициклик ароматик углеводородлар миқдорининг камайиши чиқинди газлар таркибидаги зарарли моддаларнинг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарарли таъсирини камайтиради.

Республикамизда ушбу турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш маҳаллий истеъмолчиларга ва бошқа давлатларнинг хорижий транзит транспортларига экологик тоза, юқори сифатли дизель ёқилғисидан фойдаланиш, шунингдек, хорижий валютани тежаш ва импорт ўрнини босувчи омил бўлиб хизмат қилиш имконини беради.

Маълумот учун: Бугунги кунда Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар қатори қуйида кўрсатилган 16 турдаги дизель ёқилғиларидан иборат: ЭКО Л-0,100-62; ЭКО-Л-0,100-40; ЭКО-З-1-0,100-35, ЭКО-З-1-0,100-40; ДТ-ЕВРО-Л-К4; ДТ-ЕВРО-Л-К5; ДТ-ЕВРО-З-К3; ДТ-ЕВРО-Л-К3; ДТ-ЕВРО-Е-К3; ДТ-ЕВРО-Л-III-К5 (ЕВРО-6); ДТ-ЕВРО-Л-I-К4; ДТ-ЕВРО-Л-I-К5; ДТ-ЕВРО-Л-II-К4; ДТ-ЕВРО-Л-II-К5; ДТ-ЕВРО-Л-II-К4-SSDF; ДТ-ЕВРО-Л-II-К5-SSDF.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати