May 26, 2022

Бухоро НҚИЗ ишга туширилганлигининг 25 йиллиги юбилейи логотипи ва шиорини яратиш бўйича танлов ўтказиш тўғрисида НИЗОМ

1. Умумий қоидалар.

1.1. Ушбу Низом юбилей логотипи ва шиорини ишлаб чиқиш бўйича танлов(кейинги ўринда Танлов)ни ўтказиш, натижаларини сарҳисоб қилиш ва ғолибларни тақдирлаш тартибини белгилайди.

1.2. Низомга мувофиқ танловда заводнинг барча ходимлари иштирок этиши мумкин.

1.3. Танлов бўйича ғолибга рағбатлантириш пулини тўлаш заводнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

1.4. Танлов 2 номинация бўйича ўтказилади:

- “Бухоро НҚИЗ ишга туширилганлигининг 25 йиллиги юбилейи учун энг яхши логотип”;

- “Бухоро НҚИЗ ишга туширилганлигининг 25 йиллиги юбилейи учун энг яхши шиор”.

1.5. Танлов 2022 йилнинг 26 майидан 6 июнигача ўтказилади.

2. Танловнинг мақсад ва вазифалари.

2.1. Танловнинг асосий мақсади:

- юбилейни тарғибот-ташвиқот қилиш, байрам тадбирини ўтказишда безатиш ишларини амалга ошириш учун замонавий, ўзига хос, осон таниб бўладиган логотип ва шиорни яратиш.

- корхона ходимлари ўртасида ижодий ташаббускорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ривожлантириш.

3. Танлов шартлари.

3.1. Танлов иштирокчилар таркиби бўйича очиқдир. Танлов шартларига мувофиқ барча танлов ҳужжатларини тақдим этган завод ишчи-ходимлари, муаллифлар гуруҳларининг Танловда эркин иштирок этишига рухсат этилади.

3.2. Танловда ҳар бир иштирокчи(муаллифлар гуруҳи) ижодий иш учун барча талаблар бажарилиши шарти билан 3 та (3та логотип ва 3та шиор)дан кўп бўлмаган ишларини тақдим қилиши мумкин.

3.3. Логотип ва шиор икки ёки уч тил( ўзбек, инглиз ёки рус тили)даги талқинларда тақдим этилиши мумкин.

3.4. Ушбу Низомга мувофиқ танлов иштирокчисининг тақдим этган иши, унинг Танлов шартларига розилигинии англатади.

3.5. Танлов ишларига талаблар:

- логотип ва шиор заводнинг 25 йиллик юбилейини акс эттириши, тушунарли, осон ўқилиши, эсда қоларли бўлиши керак;

- логотипда кичик ўқилмайдиган ҳарф(белги)лар бўлмаслиги зарур, бу нафақат унинг тушунарли бўлишини мураккаблаштиради, балки ундан фойдаланишда ҳам муаммолар туғдиради;

- логотип ва шиор шрифти осон ўқилиши керак;

- логотип дизайнида учдан ортиқ ранг ва градиентлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас(ранг палитраси аниқ номини кўрсатиш керак);

- логотип ва шиордан корпоратив услубнинг турли элементлари(кўкрак нишонлари, дафтарлар, баннерлар ва бошқалар)да фойдаланишни намойиш этиш маъқулланади;

- танлов материаллари (логотип ва шиор, уларнинг таркибидаги барча элементлар, эскиз) электрон шаклда, jpg, png, ва pcd график форматида тақдим этилади ва Матбуот хизмати электрон почтаси манзили [email protected] ва [email protected] га юборилади.

- бировнинг дизайн ғояларидан (тўлиқ ёки қисман) фойдаланиш қатъиян ман этилади.

4. Танловни ўтказиш тaртиби

4.1.Танлов уч босқичда ўтказилади:

- танлов учун ҳужжатларни қабул қилиш: 2022 йилнинг 26 майидан 3 июнигача;

-          саралаш [email protected] ва [email protected] га тақдим этилган ишларнинг Ҳайъат томонидан кўриб чиқилиши: 2022 йилнинг 4 июнидан 5 июнигача;

- натижаларни эълон қилиш: 2022 йилнинг 6 июни.

4.2. Танлов иштирокчиси Бухоро НҚИЗ ишга туширилганлигининг 25 йиллиги юбилейи логотипи ва шиорини яратиш учун корпоратив логотип ва шиорни яратиш”мавзусини кўрсатиб, Бухоро НҚИЗнинг Матбуот хизматига қуйидаги танлов ҳужжатларини тақдим этади:

- белгиланган шаклдаги ариза (1-илова);

- танлов иши(танлов мақсадларига мос келадиган логотип ва/ёки шиори лойиҳаси)ни;

- хоҳловчилар 2та номинацияда иштирок этиши мумкин.

4.3. Ҳайъатга ишларни юбориш танлов иштирокчисининг Танлов тўғрисидаги Низом билан танишганлиги ва уни ўтказиш тартиби ва шартлари билан танишганлиги тасдиғидир.

4.4. Танлов иштирокчиси ўзи ҳақидаги танловга тақдим этилган маълумотларнинг аниқлиги ва ҳаққонийлиги учун кафолат беради.

4.5. Иштирокчи Танловга юборилган ишлар учинчи шахсларнинг муаллифлик ҳуқуқи ёки мулк ҳуқуқларини бузмаслигига кафолат беради. Учинчи шахсларнинг муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши аниқланган тақдирда, барча жавобгарлик бузилишга йўл қўйган танлов иштирокчиси зиммасига юкланади.

4.6. Низомнинг 4.1-бандида кўрсатилган қабул қилиш муддати тугаганидан кейин тақдим этилган танлов ишлари, шунингдек, аноним бўлган ва боғланиш учун ишончсиз маълумот юборган шахсларнинг ишлари кўриб чиқилмайди ва Танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

4.7. Танловга юборилган барча ишлар таҳрирланмайди ва қайтарилмайди.

5. Танлов ҳайъати

5.1. Ҳайъат буйруқнинг 2-иловасига асосан тайинланади.

Танлов ҳайъати:

- танловга юборилган танлов материаллари экспертизасини ва баҳолашни ўтказади;

- яширин овоз бериш орқали Танлов ғолибини аниқлайди ва энг яхши ижодий иш муаллифини тақдирлаш бўйича қарор қабул қилади;

- қўйилган талабларга жавоб берилмаган тақдирда, танловга ишларни қабул қилмаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

- танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш пайтида юзага келадиган бошқа масалаларни кўриб чиқади.

6. Танлов натижаларини умумлаштириш ва ғолибларни тақдирлаш

6.1. Танловга тақдим этилган ишлар Ҳайъат томонидан қуйидаги мезонларга мувофиқ баҳоланади:

- танловнинг мақсадлари ва талабларига мувофиқлиги;

- логотип ва шиорнинг ижодий, унутилмас бадиий ечими;

- янгилиги, такрорланмаслиги ва ўзига хослиги;

- тақдим этилган ишнинг бажарилиш сифати;

- логотип, шиор, матн, ранг ва визуал ечимларнинг жойлашиши;

- логотип ва шиорни қора ва оқ рангда ҳам рангли шаклларда ҳам ишлатилиши ва таниб олиш имконияти.

6.2. Баҳолаш натижалари бўйича Ҳайъат ҳар бир танлов иши бўйича овоз беради ва якуний ҳайъат йиғилиши баённомаси завод директори буйруғи билан тасдиқланади.

6.3. Танлов ҳайъати ғолибларни эълон қилмасдан танловни якунлаш ёки натижалар қониқарсиз деб топилган тақдирда танловни бир марта маълум муддатга узайтириш ҳуқуқига эга.

6.4. Танловдаги иши Танлов талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва энг кўп овоз тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.

6.5. Танлов рағбатлантириш фондининг умумий суммаси Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори(кейинги ўринда МҲТЭКМ)нинг 4 баробарига тенг.

6.6.1. Бухоро НҚИЗ ишга туширилганлигининг 25 йиллиги юбилейи учун энг яхши логотип” номинацияси учун 1 рағбатлантириш миқдори 5 МҲТЭКМ.

6.6.2. Бухоро НҚИЗ ишга туширилганлигининг 25 йиллиги юбилейи учун энг яхши шиор” номинацияси учун 1 рағбатлантириш миқдори 3 МҲТЭКМ.

7. Муаллифлик ҳуқуқи

7.1. Танловда иштирок этаётган ижодий ишнинг муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиниши учун жавобгарлик ушбу ишни Танловга юборган иштирокчи томонидан амалга оширилади.

7.2. Бухоро НҚИЗга тегишли намунадаги логотип ва шиордан ягона намунада фойдаланиш бўйича эксклюзив ҳуқуқларни, шу жумладан босма ва электрон шаклда ОАВ, босма маҳсулотлар, реклама ва тасвир материалларини нашр этишда логотипни оммавий равишда кўпайтириш, чоп эттириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида танлов ғолиби билан шартнома тузилади.