Бухоро НҚИЗда илк марта синтетик GTL нафтасининг биринчи партияси қабул қилинди
Бугун мамлакатимиз саноатини ривожлантириш учун янги имкониятлар очаётган улкан воқеа ва ислоҳотларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари кейинги йилларда нефть-газ саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Uzbekistan GTL – Ўзбекистондаги энг йирик инвестицион лойиҳалардан бири. Бу Қашқадарё вилоятидаги гигант завод, нефть-газ-кимё кластеридир. Мажмуа мамлакатимиз саноатини ривожлантиришда янги босқични бошлаб беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу лойиҳа қисқа вақт ичида ҳаётга татбиқ этилди.
Aввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон тарихида илк марта “Uzbekistan GTL” заводида синтетик нефть ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2022 йил 29 июнь куни “Ўзбекнефтгаз” AЖ Uzbekistan GTL заводи Ўзбекистон нефть-кимё саноати тарихидаги биринчи синтетик дизель маҳсулотлари ишлаб чиқарилганлигини расман эълон қилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг табиий газни чуқур қайта ишлаш салоҳиятини кенгайтириш, углеводород хом-ашёси импортини тубдан қисқартириш, шунингдек, республиканинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кенгайтириш доирасида 2022 йил 22 июль куни Бухоро НҚИЗда илк марта синтетик GTL нафтасининг биринчи партияси қабул қилинган бўлиб, ундан автомобиль бензинининг машҳур русумларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бухоро НҚИЗга ҳар ой 5 минг тонна GTL синтетик нафтасини қабул қилиш режалаштирилган.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, биринчи навбатда, республиканинг нефть маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжларини қоплаш учун етказиб берилади.