September 30

Бухоро НҚИЗ ISO 37001:2016 стандарти бўйича биринчи текширув аудитидан муваффақиятли ўтди

2024 йилнинг 25-26 сентябрь кунлари “Бухоро НҚИЗ” МЧЖда ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашни бошқариш тизими” халқаро стандарти бўйича биринчи ташқи инспекция аудити муваффақиятли ўтказилди. Аудит “TUV AUSTRIA Group” халқаро гуруҳининг расмий ҳамкори ҳисобланган “Central Asia Certification” сертификатлаштириш органи томонидан ташкил этилди.

ISO 37001:2016 халқаро стандарти коррупция хавфининг олдини олиш, аниқлаш ва унга қарши курашга қаратилган бошқарув тизимига қўйиладиган талабларни белгилайди. Ушбу стандарт корхонанинг шаффофлик, ахлоқийлик ва барча манфаатдор томонлар олдидаги юқори масъулият тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди.

Аудит доирасида мутахассислар заводдаги асосий жараёнларни текшириб, уларнинг стандарт талабларига мувофиқлигини баҳолашди. Текширув давомида коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ва тартиб-қоидаларнинг самарадорлиги тасдиқланиб, мазкур стандартларни сақлашда корхонанинг барча бўлинмалари юқори даражада иштирок этаётгани қайд этилди.

ISO 37001:2016 стандарти бўйича биринчи инспекция аудитининг муваффақиятли якунланиши “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ учун корпоратив бошқарув ва коррупцияга қарши курашиш тизимини доимий такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу завод халқаро стандартларга амал қилиши ва ижтимоий масъулиятли корхона сифатида имиджини мустаҳкамлашда давом этаётганининг тасдиғидир.

ISO 37001:2016 коррупция билан боғлиқ хавфларни минималлаштириш, шунингдек, ҳамкорлар, мижозлар ва жамоатчиликнинг корхона фаолиятига ишончини оширишга ёрдам беради.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати