April 14

Бухоро НҚИЗ ва Бухоро давлат техника университети ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 январдаги 22-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йил 27 март куни Бухоро НҚИЗ ва Бухоро давлат техника университети ишчи гуруҳлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш жараёнларига интеграция қилиш бўйича инновацион лойиҳаларни шакллантириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлди.

Мулоқот чоғида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш, қолдиқ маҳсулотларни қайта ишлаш ва чиқиндиларни утилизация қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва зарарли маҳсулотларни самарали қайта ишлашга қаратилган истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқишди.

Учрашув якунида бир қатор аниқ йўналишлар бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди: Бухоро НҚИЗ мазутидан янги маҳсулотлар олиш, GTL (газдан суюқ ёнилғи олиш) технологияси маҳсулотларини тадқиқ этиш, шунингдек, заводдаги иссиқлик алмашинув ускуналарини самарали кимёвий тозалаш усулларини ишлаб чиқиш каби йўналишлар шулар жумласидандир.

Келишувларнинг амалий давоми сифатида, 4 апрель куни Бухоро давлат техника университетининг мутахассислар гуруҳи Бухоро НҚИЗга ишчи ташриф билан келди. Ташриф давомида мутахассислар заводнинг технологик ускуналари ва олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан танишишди, шунингдек, иссиқлик алмашинув қурилмаларида йиғилган чўкиндилардан намуналар олиниб, кейинги лаборатория тадқиқотлари учун университетга топширилди.

Томонлар ҳамкорликни давом эттириш ва амалий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдиришди. Яқин кунларда устувор йўналишлар белгилаб олиниши ва илмий ютуқларни ишлаб чиқариш амалиётига жорий этишга қаратилган қўшма ечимларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати