November 19, 2021

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ишчи гуруҳи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, акциядорлик жамиятининг департамент раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида Бухоро НҚИЗда амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

“Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан корхонадаги технологик ва ишлаб чиқариш жараёнлари, ижтимоий масалалар, ободонлаштириш, қурилиш, экологик ва санитария-гигиена талабларига риоя қилиниши кўздан кечирилиб, мониторинг қилинди.

Аввало, бу ерда фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг ишлаши, саломатлигини тиклаши учун яратилган шарт-шароит, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун амалга оширилаётган ишлар, шунингдек,
куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ҳаво ҳарорати кескин совуган пайтда ускуналардан хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилган ҳолда фойдаланиш ҳолати кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, "Ишчи гуруҳ" аъзолари Бухоро НҚИЗ мутахассислари билан учрашишди ҳамда заводнинг ҳозирги фаолияти, унинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ муҳим масалаларни муҳокама қилишди.

Ташриф якунида Бухоро НҚИЗда яратилган шарт-шароитлар мониторингидан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ томонидан корхонада кўрсатгичларини яхшилаш, қулайликларни янада кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати