January 12

TАРИХИЙ ЮТУҚЛАР ОНИ…

Қоровулбозор тумани Бухоро вилоятининг энг кенжа туманларидан бири ҳисобланади. 1993 йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши раёсатининг Бухоро вилояти таркибдаги нефт-газ конлари билан машҳур Қоровулбозор туманини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. 1993 йил Ўзбекистонда саноат объектларини қурилиши нолдан бошланди.

Қоровулбозор туманининг ташкил топиши ҳамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг тарихи, ютуқлари бир-бири билан ҳамоҳангдир. 1993 йил 3 августда Бухоро вилоятида нефтни қайта ишлаш заводини қуриш тўғрисида ҳукуматнинг тарихий қарори қабул қилинганида туманимиз ташкил топганига ҳали бир йил тўлмаган эди. Бу заводнинг Қоровулбозор туманида қурилиши, бугун туманнинг, вилоятнинг қолаверса республикамизнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутмоқда.

Бугунги кунга келиб, тумандаги қумли чўл, қир-адирлар, барханлар ўрнида кўркам боғлар, текис равон йўллар, барча қулайликларга эга замонавий уй-жойлар, юртимиз иқтисодий ривожланишида беқиёс ўрин тутадиган заводлар, фабрикалар эгаллади. Бу йиллар давомида “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Бухоро вилояти ва республика ёқилғи-энергетика саноатининг ажралмас қисми ҳамда мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишида етакчи корхона сифатида тан олинди.

Бугун Қоровулбозор тумани барча соҳада пешқадам, йирик саноат зоналари барпо этилаётган улкан имкониятлар маскани. Саҳродаги мўъжиза, саноат шаҳарчаси номлари билан нафақат юртимизда, балки жаҳонда ҳам машҳур заминда яшаётганимиздан фахрланамиз.

Бугун кундузи Қоровулбозорни томоша қилиш мароқли, бироқ кеч кириши билан чинакамига эртакона манзарани намоён этувчи шаҳарча, осойишта осмон, осуда кечалар, бу заминдан гўё нур таралаётгандек, ишлаб чиқариш заводларида ишлар тўхтовсиз бир маромда давом этмоқда. Тарихда қўйилган улкан қарорлар, бугун тарихий ютуқлар они билан давом этмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб туманимиз ташкил топганлигининг 31 йиллиги муносабати билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи жамоаси барча тумандошларимизни ушбу қутлуғ ва улуғ айём, тарихий сана билан қизғин муборакбод этади!

Шу билан бирга, туманимиз аҳолисига мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва омад тилайди! Туманимиз тарихида, тарихий ютуқлар они, асирларга татирлик бардавом бўлсин!

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати