Бухоро НҚИЗ: Жамоа саломатлиги корхонанинг асосий қадриятидир
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 10 июндаги 200-сонли ва БНҚИЗ МЧЖ раҳбарининг 2024 йил 23 январдаги 23-сонли буйруғига ҳамда тиббий санитария қисмининг 4-сонли ички фармойишига асосан 2024 йилнинг 5 февралидан 20 мартига қадар заводимиз ишчи-ходимлари ва “Нефтчи” шаҳарчасидаги уюшмаган аҳоли чуқурлаштирилган даврий тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Тиббий кўрикни сифатли ўтказиш учун тиббий санитария қисми мутахассисларидан ташқари шартнома асосида чақирилган малакали, кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансеридан руҳий-асаб касалликлари шифокори, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан профпатолог шифокори, вилоят физиатрия ва пульмонология марказидан шифокор рентгенолог ҳамда рентген лаборантлари хизмат кўрсатишмоқда.
Шу кунга қадар яъни 2024 йилнинг 5 февралидан 9 февралига қадар (5 кун давомида) 544 нафар заводимиз ишчи-ходимлари чуқурлаштирилган даврий тиббий кўрикдан ўтказилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ташкил топгандан буён тиббий санитария қисми ходимлари корхона фаолиятида фаол иштирок этмоқда, йиллик тиббий кўрикларни ўз мутахассислари билан сифатли ўтказиб келмоқда, завод ишчи-ходимлари ҳамда шаҳарча аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан таъминламоқда, халқ саломатлиги йўлида беминнат хизмат қилиб келмоқда.