September 22

Бухоро НҚИЗ АS 9100D халқаро стандартига мувофиқлигини тасдиқлади

2025 йилнинг 8-19 сентябрь кунлари Бухоро НҚИЗда авиация, космик ва мудофаа саноати корхоналарига қўйиладиган талабларни белгиловчи ҳужжат
– АS 9100D халқаро стандартига мувофиқлигини аниқловчи сифат менежменти тизимининг қайта сертификатлаш ташқи аудити ўтказилди.

Ушбу кенг қамровли аудит Бухоро НҚИЗ маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнлари жаҳон бозорининг энг кучли талабларига жавоб беришини яна бир бор тасдиқлади. Аудиторлар биринчи навбатда халқаро авиация саноати учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Jet А-1 авиа ёнилғиси ва Jet ярим синтетик авиация ёнилғисини ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларига эътибор қаратишди.

Аудит ANAB аккредитацияси асосида фаолият кўрсатувчи энг йирик сертификатлаштириш органи – DNV (Det Norske Veritas) томонидан ўтказилди ва “Management Certification” МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилди. Фаолиятни баҳолаш учун Ҳиндистон ва Озарбайжондан халқаро аудитор ва техник экспертлар таклиф этилди, бу эса тадбирнинг жиддийлиги ва аҳамиятини кўрсатади.

Текширув давомида мутахассислар заводнинг ишлаб чиқариш жараёнлари, ҳужжатлар ва кадрлар малакасини чуқур ўрганиб чиқишди. Ходимлар малакасини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш, технологик жараёнларни доимий равишда такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Натижалар ишончли бўлди: аудиторлар заводнинг сифат менежменти тизимида бир қатор сезиларли ўзгаришларни қайд этишди, мутахассисларнинг профессионаллик даражасини юқори баҳолашди ва келгусида ривожлантириш бўйича тавсиялар беришди. Халқаро комиссия хулосалари асосида
Бухоро НҚИЗда мавжуд тизим АS 9100D стандартига мувофиқлиги тасдиқланди ва янги таҳрирдаги сертификат бериш бўйича қарор қабул қилинди.

Малумот учун:
2023 йил январь ойида Бухоро НҚИЗ Халқаро аэрокосмик сифат гуруҳига (IAQG) қўшилди ва OASIS глобал маълумотлар базасида Jet А-1 авиация ёнилғиси ва Jet ярим синтетик ёнилғисининг расмий етказиб берувчиси сифатида қайд этилди.

AS 9100D стандарти бўйича мунтазам халқаро аудитларни ўтказиш
“Бухоро НҚИЗ” МЧЖга нафақат юқори сифатли авиация ёнилғиси етказиб берувчиси сифатида бозорда етакчи ўринни сақлаб қолиш, балки жаҳон халқаро компаниялари учун ишончли ҳамкор бўлиб қолиш имконини беради.

#фотогалерея

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ PR бўлими