December 27, 2024

ҚВЗ-2024: Саҳнада заводнинг энг қувноқ ва зукко жамоалари

Янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда нишонлаш, ишчи-ходимларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ишдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ишчи-ходимларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, маҳоратини ошириш, меҳнат жамоаси орасида соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида, “Нефтчилар” маданият саройида Бухоро НҚИЗ ишчи-ходимлари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови бўйича “Директор кубоги” беллашуви ўтказилди.

Кўрик-танлов 2 та шарт бўйича, завод цехларининг ишчи-ходимларидан шакллантирилган 4 та (2-цехнинг “Эстакада”, 4- ва 5-цехларнинг “Oil Star”, 6-цех “Энергетиклар”, 9-цехнинг “Темирйўлчилар”) жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Танлов Бухоро НҚИЗ касаба уюшма қўмитаси, матбуот хизмати, Ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти томонидан ташкил этилди.

Беллашув иштирокчилари юртимиз бўйлаб юзлаб уддабурон, гапга уста ёшларни бир мақсад сари жамлашга хизмат қилувчи “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг Бухоро НҚИЗда ҳам шинавандалари борлигини ўз чиқишлари билан исботлаб беришди. ҚВЗ жуда юқори кайфиятда, кутилган ва кутилмаган чиқишларга бой тарзда бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ўзларининг актёрлик маҳоратини намойиш қилиш билан бирга, кундалик ҳаётимизда учрайдиган турли вазиятларни юмор орқали кўрсатиб беришди.

Кўрик-танловни Бухоро вилояти ҚВЗ ассоциацияси раҳбари Озод Йўлиев бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Ўйин натижаларига кўра:

1-ўрин яъни “Директор кубоги”ни 2-цехнинг “Эстакада” жамоаси;

2-ўринни 4- ва 5-цехнинг “Oil Star” жамоаси;

3-ўринни 6-цехнинг “Энергетиклар” жамоалари қўлга киритди.

Танловда фаол иштирок этган жамоа аъзолари қуйидаги махсус номинациялар:

“Oil Star” жамоаси аъзоси Хасанов Мехриддин “Энг қувноқ йигит”;

Хамидова Гули “Энг қувноқ қиз” номинацияси бўйича алоҳида тақдирланди.

Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган Янги йил байрами муносабати билан барча юртдошларимизни, ҳамкасбларимизни самимий муборакбод этамиз. Сизларга бу йилда янгидан-янги муваффақиятлар, ижобий ўзгаришлар ва омад ёр бўлишини тилаймиз!

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати