Орамиздаги одамлар
Ҳар бир инсон ўзгача дунё... Ҳар бир инсоннинг ўзгача ўй-фикрлари, дунёқараши ва босиб ўтган йўли бор. Ушбу лойиҳамиз орқали заводда ишлаётган орамиздаги одамларнинг ҳаёт ҳикоялари билан сизларни яқиндан таништиришга ҳаракат қиламиз. Навбатдаги қаҳрамонимиз темир йўл цехи катта электромеханиги – Эргашов Илхом Исломович.
Эргашов Илхом Исломович 1963 йил 7 августда Ғиждувон туманида туғилган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор. Ҳозирги кунда оиласи билан биргаликда Қоровулбозор туманида истиқомат қилади. Суҳбатимизни Илхом аканинг заводдаги илк фаолиятлари билан бошладик.
– 1986 йил Тошкент темир йўл муҳандислари институтини тамомлаб, Ғиждувон тумани Кўкча совхозида қурилиш муҳандиси бўлиб иш бошлаганман. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилгандан сўнг, шу заводга темир йўл соҳасида ишга кириш учун ҳужжатларимни топширдим. 1998 йил январь ойида заводнинг темир йўл цехида чилангар бўлиб фаолиятимни бошладим. Ундан сўнг тепловозларни таъмирловчи уста, ҳозирги кунда эса катта электромеханик бўлиб ишлаб келмоқдаман.
– Болалик хотираларингиз ҳақида гапириб берсангиз, қандай ўтган болалигингиз, қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз?
– Оилада 7 нафар фарзанд бўлганмиз. Отам чўпон бўлганлар. Қўлимизга бир бўлак нонни олиб, қўйларни далага ҳайдаб кетардик. Ҳозиргидек дастурхонни тўлдириб нонушта қилиб ўтиришлар бўлмаган. Ҳамма нарса томорқада экиларди. Помидор, бодринг экиш, картошка ковлаш, тут қоқиш каби кундалик юмушларни бирга бажарар эдик. Иш кўп бўлишига қарамай дарс тайёрлашга ҳам, кўчада болалар билан футбол ўйнашга ҳам улгурардик.
Болалигимда қурувчи бўлишни орзу қилганман. Шу соҳага қизиққанман. Айнан шу сабабли институтнинг қурилиш факультетига ҳужжат топширганман.
– Касбий фаолиятингизнинг энг муҳим жиҳати нималардан иборат?
– Ишимиз масъулият талаб этади. Жараёнлар бир-бирига узвий боғлиқ. "Кейинроқ бажараман" дейиш умуман мумкин эмас, ҳар бир иш ўз вақтида аниқ бажарилиши керак. Масъулият, эҳтиёткорлик, ҳушёрлик ишимизнинг энг муҳим жиҳатлари ҳисобланади. Албатта ҳар бир ишнинг ўзига хос машаққати бўлади, лекин шунга қарамай касбимиз билан фахрлансак арзийди.
– Бугунги қизиқарли суҳбат учун сизга раҳмат айтамиз. Иш фаолиятингизда омад ва зафарлар тилаб қоламиз!
– Сизларга ҳам раҳмат! Ушбу лойиҳанинг ўтган сонини телеграм каналида ўқиганимда хурсанд бўлган эдим, заводда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар учун бир эътибор намунаси бу ҳам!