December 10, 2022

“Ўзбекнефтегаз” АЖ: Бухоро НҚИЗда AИ-80 маркали бензиннинг суткалик ишлаб чиқариш ҳажми 2200 тоннадан 2800 тоннага оширилмоқда

“Ўзбекнефтгаз”  АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан Бухоро НҚИЗ 2021 йилга нисбатан АИ-80 русумли автобензиннинг кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 2200 тоннадан 2800 тоннага, суюлтирилган газни эса 14 532 тоннадан 15 700 тоннага оширмоқда.

Мамлакатимиз истеъмолчиларини АИ-80 русумли автобензин ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Бухоро НҚИЗда корхона ва ишлаб чиқариш цехлари раҳбарларидан тезкор штаб тузилди.

Корхонада товар бензинлари ва суюлтирилган углеводород гази ишлаб чиқарилишини оширишга қаратилган ишлар тезкорлик билан амалга оширилмоқда. Бензин ишлаб чиқариш қурилмаси лойиҳа қувватини 100 фоиздан 115 фоизга оширди.

Ўз навбатида, республикамиз ички бозорида нефть-газ маҳсулотларига ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида ишлаб чиқарилган суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш нафақат темир йўл вагонлари, балки юк ташувчи автоцистерналарда ҳам амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан истеъмолчиларни сифатли маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва зарур захираларни шакллантириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати