February 7

Орамиздаги одамлар

Ҳар бир инсон ўзгача дунё... Ҳар бир инсоннинг ўзгача ўй-фикрлари, дунёқараши ва босиб ўтган йўли бор. Ушбу лойиҳамиз орқали заводда ишлаётган орамиздаги одамларнинг ҳаёт ҳикоялари билан сизларни яқиндан таништиришга ҳаракат қиламиз. Навбатдаги қаҳрамонимиз асосий ишлаб чиқариш цехи қурилма бошлиғи – Бобоев Акбар Чориевич.

Бобоев Акбар Чориевич 1977 йил 29 апрелда Олот туманида туғилган. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Ҳозирги кунда оиласи билан биргаликда Қоровулбозор туманида истиқомат қилади. Суҳбатимизни Акбар аканинг болаликдаги хотиралари билан бошладик.

– Оилада бир қиз ва беш ўғил бўлганмиз. Болалигимдаги хотираларни эслаганимда катта дастурхон атрофида ҳаммамиз биргаликда гоҳида талашиб, гоҳида кулишиб, ота-онамнинг биз билан қурган суҳбатлари ёдимга келади. У вақтлар бошқача эди. Деярли уйда ўтирмасдик. Қўйларни боқиш учун далага чиқиб кетардик, каналдан сув очиб ерларни суғорардик. Уй юмушларини бажариб бўлдик дегунча, қўшни болалар билан бирга ўйнашга чопардик. Энг кўп ўйнайдиган ўйинимиз хоккей бўларди. Айниқса қиш вақтларида пахта далалар муз билан қопланарди. Чўпларни хоккей таёқлари қилиб, болалар билан маза қилиб ўйнардик.

– Заводдаги фаолиятингиз қандай бошланган? Шулар ҳақида гапириб берсангиз.

– 1995 йил Бухоро нефть ва газ коллежига ўқишга кирганман. У пайтларда техникум дейиларди. 1-курс вақтимда армияга хизматга чақирув келган. Шундан сўнг хизматга Сурхондарёга кетганман. Армияда хизмат давримда Бухорода нефтни қайта ишлаш заводи қурилаётганлигини эшитганман ва айнан ўша вақтда шу заводда ишлашни ният қилганман. Армиядан қайтиб, ўқишларимни тамомлаб, ишга кириш учун ҳужжатларимни заводга топширганман. 2001 йил 7 февралда заводнинг асосий ишлаб чиқариш цехига технологик қурилма кузатувчиси бўлиб ишга қабул қилинганман. Ўша йилнинг ўзида институтга ўқишга топширдим ва Бухоро муҳандислик-технология институтининг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилиндим. 2001 йил ҳаётимдаги энг омадли йиллардан бири бўлган.

– Болалигингизда қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз?

– Ўқитувчи бўлишни орзу қилганман. Математика фанини яхши кўрардим. Амаким математика фани ўқитувчиси эди. Катта бўлсам мен ҳам математика фани ўқитувчиси бўламан деган орзуларим бўлган. Лекин мана нефт-газ соҳасида ишлаш насиб этган экан, шу заводда фаолият юритмоқдаман. Шу йўналишда ишлаётганимдан афсусланмайман. Ишимни яхши кўраман. Бу жамоада ишлаётганимга 23 йил бўлибди. Бу вақт ичида ҳаммамиз бир оиладек бўлиб кетдик. Шу ерда устозлар топдим, дўстлар орттирдим, кўп нарсаларни ўргандим.

– Инсонлардаги қайси фазилатларни ҳурмат қиласиз?

– Инсонни яхши тарбия олгани юриш-туришидан, гап-сўзларидан сезилади барибир. Сабрли, камтар инсонларни ҳурмат қиламан. Жаҳлини боса оладиган инсонларга эса ҳавас қиламан. Чунки ўзимни тез жаҳлим чиқади деб ўйлайман. Ҳар бир инсонни ҳам камчиликлари бор албатта. Атрофдагилардан кўриб, ўрганиб, камчиликларини тўғрилашга ҳаракат қилиб бориш керак.

– Ажойиб суҳбат учун сизга ташаккур билдирамиз. Ҳаёт йўлингизда доимо омад, муваффақият ёр бўлсин!

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати