Ҳар дақиқа муҳим бўлганда: кадрда Бухоро БНҚИЗ ўқув машғулотлари
Бухоро НҚИЗ ҳудудида алоҳида хавфли ишлаб чиқариш объектларида ёнғинлар ва технологик ҳодисалар билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича шахсий таркиб ва авария хизматларининг тайёргарлигини синовдан ўтказишга қаратилган тактик-махсус ўқув машғулотлари ўтказилди.
Машқ сценарийсига кўра суюлтирилган углеводород гази ортилган хомашё ва тайёр маҳсулотлар цехи темир йўл эстакадасининг 156-титулида симуляция қилинган ёнғин содир бўлди. Режага кўра 4-сонли вагон цистернасида ёнғин чиқди. Деярли бир вақтнинг ўзида худди шундай авария ҳолати шу цехнинг
150/1-2 титулида жойлашган Е-2/3 булитида ҳам содир бўлди.
Бундан ташқари, 156-титулдаги суюлтирилган углеводород гази ортилган 7-сонли ўрнатиш мосламасидаги RIP қурилмасида содир бўлган аварияни тўхтатиш чоралари кўрилди. Бу ҳудудларнинг барчаси юқори хавфли объектлар бўлиб, улар қоидаларга қатъий риоя қилишни ва авария содир бўлган тақдирда ҳаракатларни аниқ мувофиқлаштиришни талаб қилади.
Машғулотлар давомида турли хизматлар: ёнғин ўчириш, газдан қутқариш, технологик ва тиббий хизматларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатига алоҳида эътибор қаратилди. Эвакуация қилиш, ёнғин манбаларини тезкор ўчириш, ёндош ҳудудларни ҳимоя қилиш ва режали авария оқибатларини техник бартараф этиш алгоритмлари ишлаб чиқилди.
Тактик-махсус тадбирларда жами 254 ходим: Бухоро НҚИЗ ходимлари, фавқулодда вазиятлар хизмати мутахассислари ва назорат қилувчи орган вакиллари иштирок этди. 25 та махсус техника, жумладан ўт ўчириш машиналари, газ-қутқарув техникаси, мониторинг тизимлари ва мобиль қўмондонлик пунктлари сафарбар этилди.
Корхона раҳбарияти бундай ўқув машғулотлари мунтазам ўтказиб келинаётгани, саноат хавфсизлиги ва технологик жараёнларнинг барқарорлигини таъминлаш дастурининг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади. Улар ҳақиқий таҳдидлар юзага келганда ҳаракатларни таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларни аниқлаш ва фавқулодда вазиятлар юзага келишидан олдин уларни бартараф этиш имконини беради.
Ўқув машғулотлари натижалари ходимларнинг юқори даражадаги тайёргарлиги, бўлинмалар ўртасидаги ҳамкорликнинг изчиллиги ва самарадорлигини кўрсатди. Белгиланган барча вазифалар хавфсизлик қоидалари ва стандартларига риоя қилинган ҳолда тўлиқ бажарилди.