February 5, 2022

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида биринчи марта суюлтирилган углеводород гази учун автоматик қуйиш станцияси ишга туширилди

«Ўзбекнефтегаз” АЖ кўмагида Бухоро НҚИЗда суюлтирилган углеводород гази(СУГ)ни автоцистерналарга қуйиш қурилмаси ишга туширилди.

2022 йилнинг 3 февраль куни илк бор автоцистерналарга суюлтирилган газ қуйиш амалга оширилди.

Маълумот учун: Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 январдаги "2017 йилда республикада нефть, нефть маҳсулотлари, табиий газ ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши тўғрисида"ги ПҚ-2745-сонли, 2017 йил 9 мартдаги "2017 – 2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб олишни кўпайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-2822-сонли қарорларига мувофиқ амалга оширилди. Шунингдек, Бухоро вилоятининг кўп ҳудудларида темир йўл алоқаси йўқлигини инобатга олган ҳолда, бу ҳудудларга суюлтирилган углеводород газини автотоцистерналар билан ташиш таклиф қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига кўра Бухоро НҚИЗ ҳудуди(150-титул)да суюлтирилган газ қуйиш қурилмасининг қурилиши ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур технологик иншоотларнинг ишга туширилиши республика ички бозорида нефть ва газ маҳсулотларига ортиб бораётган талабни қондириш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газни кенг истеъмолчилар ва аҳоли қатламига етказиб беришга қаратилган.

Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати