August 28, 2021

Бухоро НҚИЗда аммоний полисульфиди ишлаб чиқариш синовлари ўтказилди

2021 йил 19-20 август Бухоро НҚИЗ ва “Навоийазот” AЖ мутахассислари биргаликда Асосий ишлаб чиқариш цехининг аминли тозалаш қурилмасида синов шароитида аммоний сульфиди ва полисульфиднинг лаборатория намунасини олишди.

Aввалроқ, “Ўзкимёсаноат” AЖ ва “Навоийазот” AЖ вакилларининг 16-17 март кунлари Бухоро НҚИЗга ташрифи якунлари бўйича ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш доирасида “Навоийазот” АЖ негизида тиомочевина ишлаб чиқариш мақсадида Бухоро НҚИЗнинг водород сульфидидан фойдаланган ҳолда аммоний сульфид ва полисульфидни ишлаб чиқаришни тадбиқ қилиш масалалари муҳокама қилинган эди.

Aммоний сульфид лаборатория намунасини ишлаб чиқиш учун Бухоро НҚИЗнинг Асосий ишлаб чиқариш цехининг аминли газларни тозалаш қурилмасига лаборатория-тажриба қурилмаси ўрнатилди. Кейинчалик олинган аммоний сульфид лаборатория шароитида завод тадқиқотлар таҳлилхонасида аммоний полисульфиди синтез қилинди.
Aммоний сульфиди ва полисульфиднинг лаборатория синов намунасини ишлаб чиқиш бўйича “Навоиязот” AЖ мутахассислари билан бевосита маслаҳатлашган ҳолда ўтказилди.

Олинган аммоний сульфиди ва полисульфиднинг лаборатория намуналари сифат кўрсаткичларини ўрганиш учун “Навоийазот” AЖ лабораториясига юборилди, шундан сўнг намуналарни талаб даражасидаги сифатга етказиш ва ишлаб чиқариш технологиясини ўрганиб чиқиш бўйича тавсиялар берилади.

#фоторепортаж

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати