July 14, 2023

Ёз жазирамасида офтоб уришидан сақланинг!

Заводимиз ҳурматли ишчи-ходимлари!

Қуёш нури инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Айниқса, инфрақизил нурлар танада қон айланишини яхшилаб, организмдаги барча ҳаётий жараёнларни фаоллаштиради. Бироқ қуёшдан келадиган иссиқлик ҳар доим ҳам инсон танасига фойдали таъсир этавермайди. Хусусан, ёзнинг жазирама кунларида офтоб уришидан эҳтиёт бўлиш лозим. Офтоб уриши нафақат сурункали касаллиги бор кишиларга, балки соғлом кишиларга ҳам зиён етказиши мумкин!

Офтоб уришининг олдини олиш учун қуйидаги тавсияларга риоя қилишларингизни сўраймиз:

1.           Бошга  енгил, очиқ рангдаги бош кийими кийиб, кўзларни қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш, енгил, ҳаво ўтказадиган пахта ва каноп толасидан тўқилган, танадаги тернинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилмайдиган кийимлар кийиш;

2.  Иш фаолиятимизни куннинг салқин вақтларида бажариб олиш, қуёш фаоллиги даври ҳисобланадиган 10:00 дан 15:00 гача очиқ  майдонларда, кўчаларда бўлмаслик, аммо айни вақтларда ишлаш зарурияти туғилганда чанқоқбости суюқлик ичиб, бош кийим кийган ҳолда, салқин жойда дам олиш билан ишни давом эттириш;

3.           Иссиқ пайтда ёқори калорияли, ёғли таомлардан тийилиб, кўпроқ сут-қатиқ маҳсулотлари, мева-сабзавотлар истеъмол қилиш;

4.           Организмда сув-туз балансини ушлаб туриш учун кунига 3 литр атрофида сув, минерал сув, махсус тузли эритмалар ичиш;

5.           Қуёшда, чўмилиш жойларида узоқ вақт қолиб кетмаслик, қуёшда тобланишга тўғри келиб қолса ётган ҳолда эмас, балки ҳаракатланиш жараёнида амалга ошириш.

Офтоб урган ҳолатда кишида тана ҳарорати  ҳатто +40 даража ва ундан баландга кўтарилиши мумкин. Умумий дармонсизлик, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, қулоқ шанғиллаши, бош айланиши, қон босимининг пасайиши, бурун қонаши, оғир ҳолларда тиришиш ва комага тушиш ҳолатлари кузатилади. Кўпроқ офтоб уришига ёш болалар ва ўсмирларда мойиллик бўлади. Бундай чоғда беморга шошилинч биринчи ёрдам кўрсатиш лозим.

Офтоб урганда биринчи ёрдам кўрсатиш

1.           Бемор зудлик билан соя-салқин жойга олиб чиқилади ва тез-тиббий ёрдам бригадаси чақирилади;

2.           Қисиб турган кийимлари ечилиб, ҳўл чойшабга ўралади;

3.           Бош соҳасига совуқ нарса қўйилади;

4.           Беморни горизонтал ҳолда ётқизиб, оёқларини бир оз кўтариб қўйиш, елпиш керак;

5.           Кўп миқдорда салқин ичимлик, оддий сув ёки оз миқдорда туз ва шакар қўшилган суюқлик ичирилади;

6.           Юзини совуқ сув билан ювиш лозим;

7.           Қатиқ ичириш яхши фойда беради. Одатда офтоб урган кишига бир неча кун ёғсиз қатиқ ичиш тавсия этилади. Чунки, бу маҳсулот организмни тикловчи ва совитувчи воситадир.

СХ, ММ ва ТХ бўйича бош мутахассис О.Ғ. Ҳайитов

ТСҚ бош врачи Т.И.Гадоев