October 6, 2022

Бухоро НҚИЗда аҳоли саломатлиги доим эътиборда!

Кунлар совиши билан аҳоли орасида юқумли касалликлардан бири бўлмиш грипп тарқалиши ортиб боради.

Грипп энг кенг ва тез тарқаладиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, деярли дунёнинг барча мамлакатларида учрайди. Бу касаллик учун мавсумийлик хос бўлиб, асосан куз ва қиш ойларида кўп ҳолатда рўйхатга олинади. Грипп касаллиги кўрсаткичларини мавсумий кўтарилиши йилнинг ноябрь - март ойларига тўғри келади.

Бухоро НҚИЗда ҳам ушбу касалликка қарши профилактик ишлар олиб борилмоқда. Заводнинг Тиббий санитария қисми соғломлаштириш марказида вакцинация жараёнлари ташкил қилиниб, бунда гриппга қарши Инфлювак Тетра вакцинаси қилинмоқда.

Инфлювак Тетра вакцинаси

Инфлювак Тетра - грипп вирусининг 4 та штаммига қарши ишлаб чиқарилган бўлиб, грипп профилактикаси учун қўлланилади. Грипп вируси юққан тақдирда ҳам беморга касаллик анча енгил кечади. Вакцина қабул қилгандан сўнг 14-21 кун ичида организмга турғун иммунитет пайдо бўлади. Бу мавсумий грипп вакцинаси ҳисобланади.

Вакцина олиш мажбурий эмас, балки хоҳишийдир.

Вакцинация жараёни

Вакцина олишга кўрсатма:

-18 ёшдан катта соғлом шахслар;

-иммунитети пастлиги сабабли тез-тез нафас йўллари шамоллаши билан оғрийдиган шахслар;

-ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, бронхиал астма касаллиги бор шахслар;

-юрак-қон томир касаллиги бор шахслар;

-қандли диабет касаллиги бор шахслар.

Вакцина олишга қарши кўрсатма:

-ҳозирги вақтда тана ҳарорати кўтарилиб, шамоллаш белгилари кузатилаётган беморлар;

-дори воситасига аллергияси бор шахслар.

Вакцинациядан кейинги кузатилиши мумкин бўлган ножўя симптомлар:

-тана ҳароратининг кўтарилиши;

-умумий холсизлик;

-иньекция қилинган жойда шиш ва қизариш;

-бошдаги оғриқлар.

Инфлювак Тетра вакцинаси

Касаллик қандай бўлишидан қатъи назар, инсон саломатлиги ва турмуш фаровонлигига жиддий путур етказади. Шу боис, соғлигимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлайлик.

Унутманг, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзалдир!

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Тиббиёт-санитария қисми бош ҳакими Т.И.Гадоев