“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ AS 9100D халқаро стандарти бўйича ташқи аудитдан муваффақиятли ўтди
2024 йил 13 декабрдан 20 декабргача бўлган даврда “Бухоро НҚИЗ” МЧЖда AS 9100D халқаро стандарти (стандарт авиация, космик ва мудофаа соҳаларида фаолият юритувчи ташкилотлар учун мўлжалланган) бўйича иккинчи назорат аудити ташкил этилди ва ўтказилди.
Аудитнинг асосий мақсади завод бошқарув тизимининг Jet А-1 авиа ёнилғиси ва Jet ярим синтетик авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш ва сотишни қамраб олувчи AS 9100D халқаро стандарти талабларига мувофиқлигини баҳолашдан иборат бўлди.
Аудит энг йирик сертификатлаштириш органи DNV (Det Norske Veritas) томонидан ўтказилди ва “Management Certification” МЧЖ компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Фаолиятни баҳолаш учун Италиядан халқаро аудиторлар таклиф этилди, бу эса тадбирнинг жиддийлиги ва аҳамиятини кўрсатади.
Аудит доирасида халқаро аудиторлар томонидан Jet А-1 авиа ёнилғиси ва Jet ярим синтетик авиаёнилғисини ишлаб чиқариш технологияси билан боғлиқ масалалар ўрганилди, жараёнга оид барча ҳужжатлаштирилган маълумотлар таҳлил қилинди ва иш жойида мутахассислар билан суҳбатлар ўтказилди.
Текширув натижаларига кўра, DNV аудиторлари корхонада кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, инфратузилмани ривожлантириш, технологик жараёнларни доимий равишда такомиллаштириш билан боғлиқ бошқарув тизимида ўтган йилга нисбатан бир қатор яхшиланишларни қайд этди.
Шунингдек, аудиторлар томонидан “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ бошқарув тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қимматли тавсиялар берилди.
Таҳлил натижаларига кўра, халқаро аудиторларнинг ижобий хулосаси асосида AS 9100D халқаро стандартига мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддатини яна бир йилга узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Маълумот учун: 2022 йил декабрь ойида завод биринчи марта халқаро AS 9100D (ANAB аккредитацияси) бўйича Jet А-1 русумли авиаёнилғи ва Jet ярим синтетик авиация ёнилғисини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича “Сифат белгиси" сертификатига эга бўлди.
2023 йил январь ойида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Халқаро аэрокосмик сифат гуруҳига (IAQ) аъзо бўлди ва халқаро OASIS маълумотлар базасига Jet А-1 русумли авиация ёнилғиси ва Jet ярим синтетик авиация ёнилғисининг расмий етказиб берувчиси сифатида киритилди.
AS 9100D стандарти бўйича мунтазам халқаро аудитларни ўтказиш Бухоро НҚИЗга нафақат юқори сифатли авиация ёнилғиси етказиб берувчиси сифатида бозорда етакчи ўринни сақлаб қолиш, балки жаҳон халқаро компаниялари учун ишончли ҳамкор бўлиб қолиш имконини беради.