July 6, 2023

Бухоро НҚИЗнинг ишлаб чиқариш майдончалари талабалар амалиётлари учун очиқ

Таълим ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш, ўқув жараёни сифатини ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўлинмалари негизида олий таълим муассасалари талабалари учун амалий машғулотлар ўтказиш мақсадида тажриба-синов майдончалари ташкил этилмоқда.

Шу кунларда Бухоро НҚИЗда “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида техник ижодкорлик ва инновацион фикрлаш ва ўз касбий фаолиятини режалаштиришга қодир бўлган муҳандис-техник ихтисосликларга йўналтирилган бўлажак мутахассислар учун тренинг сифатида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали 2-босқич талабалари ўқув амалиётларини ўтказишмоқда.

Бухоро НҚИЗ Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлими томонидан талабалар учун назарий ва амалий машғулотларни ўтказишни назарда тутувчи махсус ўқув дастури ишлаб чиқилган.

Амалиёт дастури жойларда ўтказиладиган семинарлардан иборат бўлиб, ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал қилиш учун индивидуал ва жамоавий ишларни ҳам ўз ичига олади.

Бухоро НҚИЗ мутахассислари ишлаб чиқаришни тўхтатмаган ҳолда жойларда амалий машғулотлар ўтказишмоқда.

Таълимнинг бу шакли талабага дарс мобайнида олган касбий билимларини амалда татбиқ қилиш имконини беради. Асосий мақсад эса, талабаларни касбий фаолиятга тайёрлаш, назарий билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, талаба касбий фаолиятининг асосий турларини бажаришга тайёрлигини шакллантиришдир.

“Бухоро НҚИЗ” Матбуот хизмати