9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Бугунги кунда дунё бутун сайёрадаги аҳолининг фаровонлиги ва ҳаётига таҳдид соладиган бир қатор жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Уларнинг аксарияти қайсидир маънода коррупция муаммоси билан боғлиқ.
Коррупция жамият ҳаётининг барча жабҳаларига салбий таъсир кўрсатиб, низолар ва беқарорлик билан чамбарчас боғланиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга хавф туғдиради, демократик институтлар ва қонун устуворлигига путур этказади.
Бугун Бухоро НҚИЗда 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Бухоро НҚИЗ молиявий комплаенс инспектори З.Сатторов бошчилигида “Коррупция ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Республика Инсон ҳуқуқи маданияти маркази бошлиғи И.Умаров маъруза қилиб, коррупциянинг олдини ва унга қарши курашиш бўйича миллий қонунчилигимиздаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 419-сонли Қонуни, Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари, айни пайтда жамоатчилик назорати остида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтди. Коррупция нафақат можаролар билан бирга келиши, балки кўпинча уларнинг асосий сабабларидан бири эканлигини таъкидлади.
Молиявий комплаенс инспектори З.Сатторов томонидан коррупциявий ҳолатларнинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши курашиш энг устувор вазифалар этиб белгилаб берилганлигини, шунингдек, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖда алоҳида департамент ташкил этилганлиги айтиб ўтилди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари – аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаб ўтиш жоизки, коррупцияга қарши муросасиз курашиш соҳасида қабул қилинган ҳар бир меъёрий хужжат ва олиб бориладиган ишлар эртанги Ўзбекистоннинг ҳаётида коррупция деган иллатнинг тамоман йўқолишига қўйилаётган катта қадамлардир.