Бухоро НҚИЗнинг профилактик таъмири давомида инновацион ва рационализаторлик таклифларини синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш учун тайёрлаш
Бошқарув раисининг “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли корхоналарда инновацион ва рационализаторлик фаолиятини ривожлантириш юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида заводда профилактика таъмири даврида инновацион ва рационализаторлик таклифларини жорий этиш бўйича тайёргарлик ва синов ишлари олиб борилди.
Жумладан, тақсимловчи трансформатор подстансиясида реле ҳимояси тизимидаги маънан эскирган электрон платаларнинг импорт ўрнини босиш мақсадида ишлаб чиқарилиши тўхтатилганлари ўрнига рационализатор Д. Ҳамидов томонидан маҳаллий хом-ашёдан синов бошқарув платаси тайёрланди. Тест синовлари углеводород хом-ашёсини атмосфера босими остида ҳайдаш қурилмаси тўхтатилган вақтда 10РМ01A насос моторининг реле ҳимояси ячейкасида ўтказилди. Маҳаллий ишлаб чиқарилган плата ижобий натижа кўрсатди.
Ўз навбатида, асосий ишлаб чиқариш цехининг 2-блок механиги К. Сафаровнинг 21Е20 сув иссиқлик алмаштиргичининг ишлаш даврида механик аралашмалар билан тўлиб қолишига йўл қўймасликка қаратилган фильтрнинг ишлаши бўйича киритилган рационализаторлик таклифининг жорий қилиниши ижобий натижаларни кўрсатди. Таъкидлаш жоизки, ушбу таклиф 21Е02 блок қурилмасининг ишлаш ҳарорати тартиби бузилишининг олдини олиш, 21К20 компрессорини блоклаш хавфини камайтиришга ва кафолатланган капитал таъмирлаш даврида риформинг қурилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган.
Олдинроқ, асосий ишлаб чиқариш цехининг 41-қурилмасида тажриба синовлари ўтказилган бўлиб, унга кўра 41-қурилманинг водород сульфид гази ёрдамида натрий сульфидининг лаборатория намунаси олинди. Лаборатория таҳлиллари ижобий натижа берди.
Заводнинг профилактик таъмири даврида 41-қурилмада “Олмалиқ КМК” AЖ ва “Ўзчармсаноат” AКда кейинчалик саноат синовларини ўтказиш мақсадида 100 кг ҳажмдаги тажриба партиясини ишлаб чиқиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилди.
Углеводород хом-ашёсини атмосфера босими остида ҳайдаш қурилмасининг иссиқлик алмаштиргичларини кимёвий ювиш усулида тозалаш ва лаборатория синовларини ўтказиш имкониятларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтидан олинган импорт ўрнини босувчи эритмаси иссиқлик алмаштиргичларнинг ички юзасида тўпланиб қолган тузларни кўчириш мақсадида таъмирлаш ишлари давомида кейинчалик ўрганиш учун иссиқлик алмаштиргичлар ва печнинг ифлосланган қисмларидан намуналар олинди.
13КМ02A/В компрессорларининг капитал таъмирлаш муддатини қисқартириш, таъмирлаш ишлари ва эҳтиёт қисмлар таннархини пасайтириш мақсадида асосий ишлаб чиқариш цехи 3-блок бошлиғи A.Ш. Саидов томонидан газойлни гидротозалаш қурилмасидан 13D13 сиғимигача қўшимча иссиқлик алмаштиргич ўрнатиш бўйича рационализаторлик таклифи киритилди. Бу ВСГ(водород сақловчи газ) ҳароратини 60 ℃дан 40 ℃гача пасайтириш ва 13КМ02A/В компрессорларида ишқорий муҳит пайдо бўлишини камайтиради. Ушбу таклиф экспертлар кенгашида кўриб чиқилди ва иссиқлик алмаштиргични ишлаб чиқариш ва жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, 13F01 печида ёқилғи газини тежаш мақсадида газойлнинг айланиш схемасини ўзгартириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ўз навбатида, атмосфера босими остида ҳайдаш қурилмасининг 10F01 печининг иссиқлик ўтказувчанлигини ошириш учун конвекция қисмига қўшимча қувурларни ўрнатиш масаласи ўрганилди. 10F01 технологик печининг ишончли ишлашини таъминлаш учун техник ечимларни ўрганиш ва тайёрлаш бўйича “Эртей Петрошем Рус” МЧЖдан тижорат-техник таклифи олинди.
Кучланиш трансформатор қурилмаларининг ҳарорати, барқарор ишлашини назорат қилиш, шунингдек, сиғимларда сизиб чиқишни бартараф этиш ва трансформатор мойининг сатҳи тўғрисида аниқ маълумотларни олиш мақсадида электр таъминоти цехи томонидан Клингернинг сатҳ шишаси конструкциясини ўзгартириш бўйича ишлар амалга оширилди.