21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан завод ёшлари орасида #til_millat_faxri хештеги остидаги челленж якунланди
Хабарингиз бор, Ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан завод ёшлари орасида #til_millat_faxri хештеги остида челленж бошлаб берган эди. Ёшлар орасида ўзбек тилига эътиборни ошириш, қолаверса, уларнинг адиблар, шоирлар ва буюк шахсларнинг ўзбек тили ҳақидаги шеърлари, ибратли сўзлари ва фикрлари, шунингдек, ўзбек тили ривожига ҳисса қўшган фан арбоблари асарлари ҳақида тўплаган қизиқарли маълумотлари(видеолавҳалари)ни жойлаштириб бориш ташаббуси билан чиқди.
Таъкидлаш жоизки, челленжда иттифоқ аъзоларининг фарзандлари ҳам қатнашди.
22 октябрь куни Бухоро НҚИЗнинг “Нефтчилар” маданият саройида ушбу тадбирда фаол қатнашган барча иштирокчиларни бошланғич ташкилот томонидан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Уларга ўзбек тилида чоп этилган сара бадиий асарлар тўплами тақдим қилинди(Маросимга кела олмаган ишчи-ходимлар иш куни давомида ташкилот ходимларидан совғаларини олиб кетишлари мумкин).
Шу ўринда ўзбек тили ҳақида қисқача фактларни ҳавола этамиз: Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади. Википедия маълумотларига таянсак, ўзбек тили сўзлашувчилар сони бўйича дунёда 27-ўринда туради. Агар дунёда 7000 га яқин тил ва лаҳжа мавжудлигини эътиборга олсак, бу ёмон кўрсаткич эмас.
Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган 100 та тилдан биридир. Ҳолбуки, дунёда бундай юксак мақомга эга бўлмаган, аммо юз миллионлаб кишилар сўзлашадиган тиллар ҳам бор. Ўзбек тили қўшни давлатларда ҳам муомаладаги асосий тиллардан саналади. Хусусан, қўшни Тожикистонда ва Қирғизистонда ўзбеклар нуфусига кўра титул миллат вакилларидан кейинги ўринда туради. Афғонистонда эса ўзбек тили пушту ва дарий тилларидан кейинги учинчи расмий тил саналади. Қўшни мамлакатлар ҳамда Туркия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон сингари давлатларнинг олий ўқув юртларида ўзбек тили алоҳида фан сифатида ўргатилади.
Бухоро НҚИЗ Матбуот хизмати