Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни ва нефть-газ тармоғи ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ҳамкасбларимиз тақдирланди
Юртимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда нефть-газ тармоғи ходимлари куни муносабати билан Бухоро НҚИЗда тантанали йиғилиш ва меҳнат фаолиятида алоҳида фаоллик кўрсатган ходимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда завод раҳбарияти, меҳнат фахрийлари, касаба уюшма қўмитаси ҳамда фаол ишчи-ходимлар иштирок этди.
Йиғилишни очиб берган завод раҳбариятини таъкидлашича, айнан меҳнаткашларнинг фидойилиги, профессионал маҳорати ва масъулияти сабабли завод бугунги кунда мамлакатимизнинг йирик ишлаб чиқариш корхоналари қаторида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.
Алоҳида миннатдорлик сўзлари кўп йиллар давомида завод тараққиёти пойдеворини яратган меҳнат фахрийларига йўналтирилди. Корхона раҳбарияти ёш авлод нефтни қайта ишлаш соҳасида бу шарафли анъаналарни муносиб давом эттиришига алоҳида урғу берди.
Мамлакатимиз нефть-газ саноатини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 15 нафар ходим “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг, бош энергетик Хамза Саидов эса Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг фахрий унвони билан тақдирланганлиги завод жамоасига алоҳида ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Тақдирлаш маросими нафақат ходимларнинг хизматларини эътироф этиш, балки меҳнаткашларга бўлган ҳурмат ва эътибор рамзи сифатида ҳам намоён бўлди. Улар ўз кундалик фаолияти орқали мамлакатнинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлашга, иқтисодиётни ривожлантиришга ва халқимиз фаровонлигини оширишга ҳисса қўшишмоқда.
Барча тақдирланган ҳамкасбларимизни чин қалбдан муборакбод этамиз!
Сизларга соғлик-саломатлик, касбий йўналишда янги ютуқлар ва юртимиз мустақиллиги ҳамда заводимиз тараққиёти йўлида улкан муваффақиятлар тилаймиз!