September 11, 2023

Орамиздаги одамлар

Орамиздаги одамлар рукнимизнинг навбатдаги меҳмони Шукуров Хуршид Саматович – Ўлчов-назорат асбоблари ва автоматика цехи метрология хизмати бошлиғи. Қаҳрамонимизни ишга киришдаги илк хотиралари билан суҳбатга чорладик.

– Заводда ўз фаолиятингизни қачон ва қандай бошлагансиз? Шулар ҳақида гапириб берсангиз.

– Заводдаги фаолиятимни 2002 йил феврал ойида бошлаганман. Унга қадар Қоровулбозор саноат ва касб-ҳунар коллежида Автоматлаштириш ва асбобларни созлаш фанидан ўқитувчи бўлиб ишлардим. Сўнгра ҳужжатларимни заводга топширгач, суҳбат асосида 7-цехга чилангар бўлиб ишга қабул қилинганман. 3 йил чилангар вазифасида ишлаганимдан сўнг, фаолиятимни Метрология хизматида техник метролог бўлиб давом эттирдим. 2011 йилдан ҳозирга қадар эса метрология хизмати бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқдаман.

– Бўш вақтларингизни қандай ўтказасиз? Нималарга қизиқасиз?

– Оилалиман, 3 нафар ўғил фарзандим бор. Уйда стол тенниси ташкил қилганмиз ва бўш вақтларимда ўғилларим билан стол тенниси ўйнайман. Яна балиқ овига ҳам жуда қизиқаман. Бўш вақтимда балиқ овига чиқиб тураман. Сувларнинг овози эшитилиб турган анҳор бўйида, табиат қучоғида, турли шовқинлардан нарида, қармоқ пўкагининг қимирлашини кутишнинг ҳам ўзига хос завқи бор. Бу машғулотдан ҳам руҳият тозаланади, асаблар тинчланади, ҳам ўзига хос энергия олинади.

– Инсонлардаги қайси фазилатни қадрлайсиз?

– Инсон ким бўлишидан қатъий назар унда ростгўйлик бўлиши керак деб ҳисоблайман. Хоҳ у ёш бўлсин, хоҳ қари, қаерда ва қандай вазиятда бўлмасин алдамаслиги керак. Вазиятдан қўрқиб ёлғон гапирадиган инсонга нисбатан ҳурматим йўқолади. Ўзим ҳам ёлғон гапиришни ёқтирмайман. Уйда фарзандларимга ҳам шу гапни айтаман: "Қандай вазиятда бўлсанг ҳам алдама, қилган ишинг учун гап эшитишинг мумкин, лекин бу ёлғон гапиришдан кўра яхшироқ". Ва яна инсон ўз устида ишлаши керак доим, бўш вақтида китоб ўқиш жуда ҳам фойдали бўлади. Вақтидан унумли фойдаланиши керак. Тўғри ҳеч нима қилмаса ҳам инсонни куни ўтади, лекин унда инсон бир жойда қотиб қолади. Ёшлигимда уйда китоб жавонимиз бўларди ва дадам қайси китобларни ўқишим кераклигини белгилаб қўярдилар. Шу сабабли китоб ўқиш одати шаклланган менда. Ҳозирги вақтда ҳам китоб ўқиш учун алоҳида вақт ажратаман.

– Қанақа китобларни ўқишни ёқтирасиз?

– Тарихий китобларни ўқишни яхши кўраман. Асосан Амир Темурнинг ҳаётига оид китобларни. Охирги ўқиган китобим ҳам Амир Темур ҳаёти ҳақида эди.

– Бугунги қизиқарли суҳбат учун сизга раҳмат айтамиз. Иш фаолиятингизда омад ва зафарлар тилаб қоламиз!

– Сизларга ҳам раҳмат! Ушбу лойиҳанинг ўтган сонини телеграм каналида ўқиганимда хурсанд бўлган эдим, заводда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар учун бир эътибор намунаси бу ҳам!

Суҳбатни олиб борди: Ф.Исмоилова,

М.Исмоилова

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати