May 13, 2022

Қадим Самарқандга саёҳат

9 май – Халқаро Хотира ва қадрлаш куни! Бугунги кунда ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки: бундай ном олган бу сана юртимизда умумхалқ байрамига, ҳақиқий анъанага айланиб қолди. Ушбу байрам юртимиз тинчлиги йўлида қахрамонлик кўрсатган, ўлкамизни ҳимоя килган, унинг эркинлиги, мустақиллиги учун курашган ватандошларимиз xотирасига бағишланган.

Шу муносабат билан, Бухоро НҚИЗ касаба уюшмаси томонидан жорий йилнинг 11 май куни афғон уруши қатнашчилари учун кўҳна ва қадим шаҳар Самарқанд бўйлаб бир кунлик саёҳат ташкиллаштирилди. Гуруҳга гид ҳамроҳлик қилиб, ҳар бир обида ҳақида батафсил маълумот берилди.

Саёҳат давомида фахрийларимиз Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари Ҳазрати Дониёр зиёратгоҳи, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда, Гўри-Амир мақбараси, бетакрор Регистон майдони ва кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи меъморий объектлар ва қадимий ёдгорликларни яқиндан кўриш имкониятига эга бўлдилар. Тарихий Самарқанднинг янада гўзал ва мафтункор манзилгоҳлари, мадраса, мақбара, минора ва замонавий мажмуаларини томоша қилиш орқали тарих ва келажак нафасини ҳис қилдилар.

Бухоро НҚИЗ ташаббуси билан ва имтиёзли равишда уюштирилган мазкур сайёҳлик тадбири иштирокчиларга манзур бўлди, улар томонидан алоҳида эътироф этилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати