Келажак энергияси: Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш. Қайта тикланадиган энергия нима ва у нима учун муҳим?
Кўпчилигимиз “қайта тикланувчи энергия манбалари” деган жумлани тез-тез эшитиб қоламиз. Хўш, бу ўзи нима дегани Авваламбор, шу ҳақда қисқача изоҳ берсак. Қайта тикланувчи энергия манбаларига қуйидагилар киради: •гидроэнергетика (йирик табиий ва сунъий сув иншоотлари, тўғонлар, сув омборлари орқали сув оқими таъсирини электр энергиясига айлантириш); •шамол энергияси (шамол турбиналари ёрдамида шамол энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқариш);
•қуёш энергияси (қуёш панеллари воситасида ёруғликни электр энергиясига айлантириш) ва бошқалар;
Нефть, табиий газ, кўмир, уран рудаси каби қазиб олинадиган ёқилғидан фарқли ўлароқ, бу энергия манбалари тугамайди, шунинг учун улар “қайта тикланувчи” деб аталади.
Айтиб ўтганимиздек, табиий ресурслар захираси чекланган. Яъни ер қаъридан олинаётган нефть ҳам, табиий газ ҳам бир кун келиб тугайди. Бу эса электр энергияси ишлаб чиқаришнинг муқобил вариантларига ўтишни тақозо этмоқда.
Давлатларнинг географик жойлашувига кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятлари ҳар хилдир. Ўзбекистон бу борада жуда кенг салоҳиятга эга. Юртимиз нафақат ўзининг тўрт фаслли бетакрор табиати, ер ости ва усти нодир бойликлари, балки ноёб хусусиятлари – офтобли осмони, шамолли кенгликлари, тезоқар дарёлари, биологик манбалари билан ҳам ажралиб туради.
2025 йилнинг Давлатимиз раҳбари томонидан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йили деб эълон қилиниши замирида атроф табиий муҳитни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биологик хилмахилликни асраш, муқобил энергиядан самарали фойдаланиш ҳамда келажак авлодга тоза экологик тизимни қолдириш ётади ва бу ишларни амалга ошириш учун давлатимиз томонидан яшил кредитлар, субсидиялар ажаритилишини назарда тутади.
Бугунги кунда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергетикага ўтиш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилиб олинган.
Шу орқали йилига 3 миллиард кубометр табиий газни иқтисод қилиш, яъни тежаш деганидир. Бундай ҳажмдаги газ билан эса 1 миллион хонадонни 1 йил давомида таъминлаш мумкин. Ёки шунча ҳажмдаги газ ёрдамида қўшимча 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарса бўлади. Бу эса Ўзбекистондаги аҳолининг 98 фоизини йил давомида электр энергияси билан таъминлаш учун етарли.
Ҳозирги вақтда юртимизда умумий қуввати 3977 мегаваттга тенг бўлган 19 та қуёш фотоэлектр станцияси ва умумий қуввати 3100 мегаваттга тенг бўлган 7 та шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида Ўзбекистондаги илк 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Худди шунингдек, 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси фаолият бошлади. Қорақалпоғистон Республикасида эса Марказий Осиёда энг катта – 1,5 гигаватт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш режалаштирилган. Ушбу шамол станцияси 1 миллион 650 минг хўжаликни электр энергияси билан таъминлайди ва йилига 2,4 миллион тонна зарарли газларнинг атмосферага чиқишининг олдини олади.
Ҳукуматимизнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида, хусусан, муқобил энергиялардан самарали фойдаланиш борасидаги олиб бораётган оқилона сиёсатидан келиб чиқиб, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ томонидан 2024 йил март ойида заводга туташ ҳудудда 3 гектар майдонда қуввати 3376,5 кВт бўлган қуёш электр станцияси ишга туширилди ва корхона объектларида ўрнатилган қуёш электр станцияларининг жами қуввати 5870 кВт га етди.
Қуёш электр станцияларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳисобига ойлик истеъмолга нисбатан 12,7% иқтисод қилинишига эришиляпти ва йил якунига қадар жами 7,5 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Умуман, қайта тикланувчи энергия манбаларининг тараққий этиши мамлакатни барқарор ривожлантиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундай энергия манбалари атроф-муҳитга зарар етказмагани боис “тоза” деб аталади, “яшил” энергетика дея ҳам таърифланади. Бу эса фарзандларимиз, келажак авлоднинг соғлом камолга етиши учун мустаҳкам заминдир.
“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими