"Нефтчилар" маданият саройида байрам тадбири бўлиб ўтди
Куни кеча Бухоро НҚИЗга қарашли “Нефтчилар” маданият саройи фаоллар залида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги ҳамда завод ишга туширилганлигининг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрамда завод раҳбарияти, ишчи-ходимлар ва туман фаоллари қатнашди.Бу йилги Мустақиллик тадбирлари республикамизда “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида нишонланмоқда. Она юртимизнинг барча гўшалари сингари бизнинг заводимизда ҳам ушбу байрамга кенг тайёргарлик кўрилди.
Тадбир маданият саройи, БНҚИЗ Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Байрам Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси ижро этилиши билан бошланди.
Бухоро НҚИЗ директор ўринбосари Ж.Х.Зияев cўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу икки муҳим сана муносабати билан табриклади, байрам тадбирини кўтаринки кайфиятда томоша қилишни тилади.
Концерт дастури кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Санъаткорлар ва сўз усталарининг чиқишлари меҳмонларга аъло кайфият бахш этди.