Таълимга эътибор – келажакка қўйилган муҳим қадам
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиалининг Бухоро шаҳридаги ҳудудий тайёргарлик бўлими(ҲТБ)нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу куни ушбу университети ижрочи директори Абдулла Маҳмудович Магрупов Бухоро вилоятидаги 20 дан ортиқ мактаб вакиллари билан учрашиб, ҳудудий тайёргарлик бўлимида яратилган имкониятлар, истиқболдаги режалар билан таништирди, шунингдек, ёш авлод сифатли таълим олиши зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тегишли буйруқлари ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан Бухоро шаҳрида жойлашган Бухоро нефть ва газ саноати коллежи биносининг 4-қавати тўлиқ таъмирланди, жумладан, 3 тадан физика, математика, рус тили хоналари, 1 та мустақил таълим ўқув хонаси, ўқитувчи ва услубчилар учун офислар, раҳбар ходимлар учун кабинетлар жиҳозланди. Барча ўқув хоналари ва кабинетлар замонавий парта, мебель ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Айни пайтда ўқув биносининг 4-қавати тўлиқ фойдаланишга топширилган.
Шу йилнинг сентябрь ойидан бошлаб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди ва ўқиш истагини билдирган талабаларни рўйхатга олиш бошланди.
Эслатиб ўтамиз, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ негизида умумтаълим мактабларининг 10-11-синфлари, академик лицей, касб-ҳунар коллежи ва техникумлар ўқувчилари учун математика, физика ва рус тили фанларидан бепул тайёрлов курслари ташкил этилди. Тингловчилар имтиҳон асосида қабул қилинмоқда.
Ўқув машғулотларини ўтказиш учун Россия Федерациясининг тажрибали, Бухоро шаҳрининг юқори малакали ўқитувчилари жалб этилган, шунингдек, малакали устозларни танлов бўйича ишга қабул қилиш давом этмоқда.