Орамиздаги одамлар
Орамиздаги одамлар... Ушбу рукн орқали заводда ишлаётган ишчи-ходимларнинг сиз билган ва билмаган хислатлари, босиб ўтган ҳаёт йўллари, меҳнат фаолияти билан бироз бўлса-да яқиндан таништиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бугунги қаҳрамонимиз эса буғ-ҳаво-газ таъминоти цехи участка устаси – Қаххоров Шавкат Намозович.
– Заводда ўз фаолиятингизни қачон ва қандай бошлагансиз?
– 1997 йил заводга ишга қабул эълон қилинганлигини эшитганимдан сўнг, ҳужжатларимни топширганман. Заводдаги илк иш куним 7 апрель бўлган. Иш фаолиятимни 3-цехда машинист вазифасида бошлаганман. Устозим раҳматли Шодиев Нормурод ака эдилар. У кишидан кўп нарсаларни ўргандим. 2015 йилдан ҳозирга қадар участка устаси лавозимида ишлаб келмоқдаман. Бизнинг асосий вазифамиз завод цехларига ўлчов-назорат асбобларини ишлатиш учун қуритилган ҳаво, ҳаво қувурлари ва резервуарлар учун тоза ҳаво етказиб беришдан иборат.
– Инсон ҳаётининг кўп қисмини ишхонада ўтказади албатта. Сизнинг заводда ишлаётганингизга ҳам мана 26 йилдан ошибди. Нима деб ўйлайсиз, заводдаги фаолиятингиз ҳаётингизга қанчалик таъсир кўрсатган?
– Ўзим асли шофирконликман. Ўша ерда туғилдим, ўсдим. Бухоро муҳандислик-технология институтининг машинасозлик йўналиши бўйича ўқидим. 1997 йилга қадар "Бухоронефтгазпармалаш" АЖда ишлардим. Ишга Шофиркондан қатнардим. Заводга ишга кирганимдан сўнг, бирин-кетин орзу қилган ниятларимизга етиша бошладик. Завод ишчи-ходимлар учун уй-жой ажратди. Оиламни Қоровулбозорга олиб келдим, фарзандларим шу ерда улғайди. Икки ўғил, бир қизим бор. Уларни институтларда ўқитдик. Икки фарзандим шартнома асосида ўқишга кирган бўлса-да, заводнинг ёрдами билан қийинчилик сезмадик. Меҳнат қилса инсон барчасига аста-секин эришар экан. 1997 йилдаги заводни, Қоровулбозорни эсласам чўл ўртасидаги қумли шаҳарча эди. Шу ерда қолиб ишлашга кимлардир иккиланган ўша пайтлар. Лекин мана энди заводимиз яшил дарахтлар билан ўралган жаннатмакон жойга айланган. 26 йиллик ҳаётимга назар солсам афсусланмайман. Ишимни яхши кўраман. Цех жамоаси иккинчи оиламдек бўлиб қолган.
– Энди иш бошлаган ёшларга, шогирдларингизга нима деган бўлар эдингиз?
– Ҳозирги ёшларга нима деган бўлар эдим? Замон тез ривожланяпти. Янги технологиялар, янги билимлар ва шунга яраша янги имкониятлар кўпайиб бормоқда. Замон қандай бўлмасин ҳар доим инсон билим олишдан ва ўрганишдан тўхтамаслиги керак. Ёшлар бу гапларни балки такрор-такрор эшитган бўлиши мумкин, лекин бу айни ҳақиқат. Бекорга "Бешикдан то қабргача илм изла" дейилмаган.
– Самимий ва чиройли суҳбат учун сизга ташаккур айтамиз. Раҳмат, саломат бўлинг!