Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги бўйича мутахассислар учун ўқув семинар бўлиб ўтди
2025 йилнинг 26-31 май кунлари "Ўзбекнефтгаз" АЖ корхоналарида ишлаб чиқариш хавфсизлиги маданиятини ривожлантириш бўйича ягона дастур доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат ва экологик хавфсизлик бўйича мутахассислар учун тажриба алмашиш семинари ўтказилди. Мазкур дастурнинг якуний нуқтаси 30 май куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (БНҚИЗ) бўлиб, бу ерда асосий тадбирлар ташкил этилди.
Семинарнинг асосий мақсади — ягона стандартларни жорий этиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, шунингдек, марказий аппарат ва ишлаб чиқариш бўлинмалари мутахассислари ўртасида тажриба алмашишдан иборат бўлди. Тадбирда Шўртан газ кимё мажмуаси, Uzbekistan GTL корхонаси ва Бухоро НҚИЗ вакиллари иштирок этди.
Бухоро НҚИЗга ташриф доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилди:
• меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича кириш йўриқномаси;
• заводда 5С тизимини жорий этиш, жароҳатларнинг олдини олиш ва экологик хавфсизлик талабларига риоя қилиш бўйича амалий тажрибалар тақдимоти;
• ишлаб чиқариш хавфсизлиги соҳасида тажриба алмашиш;
• корхонанинг асосий ишлаб чиқариш объектлари бўйлаб танишув экскурсияси.
Тадбир “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги департаменти мутахассисларининг фаол иштирокида, мезбон томон билан яқин ҳамкорликда ўтказилди. Хавф юқори объектларда муҳофаза стандартларини қўллашнинг амалий масалалари,
хавф-хатарларни назорат қилиш ва ички аудитни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай ташаббуслар нафақат билим алмашишга, балки меҳнат хавфсизлиги устувор қадрият бўлган ягона корпоратив муҳитни шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Семинар давомида иштирокчилар томонидан орттирилган билим ва кўникмалар кундалик амалиётга жорий этилади ҳамда тизимнинг барча корхоналарига тавсия этилади.
Иштирокчилар тадбирнинг юқори ташкилий даражасини алоҳида қайд этиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва мехбон корхоналарга ишлаб чиқариш шароитида касбий мулоқот ва амалий машғулотлар ўтказиш имконияти учун миннатдорчилик билдирди.