December 15, 2020

Бухоро НҚИЗда ишчи-ходим(шогирд)ларнинг аттестацияси бошланди

Асосий ишлаб чиқариш, ўлчов назорати асбоблари ва автоматика, таъмир-механика, электр таъминоти, автонақлиёт ва қурилиш-монтаж цехида фаолият юритувчи шогирд лавозимидаги ишчи-ходимларнинг билимлари синовдан ўтказилди.

2020 йилнинг 14 декабрь кунидан “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ да 2017-2019 йилларда иш ўрганувчи сифатида муддатли(1 йиллик ва 3 йиллик) шартнома асосида ишга қабул қилинган, ҳозирда шогирд вазифасида ишлаб келаётган ишчи-ходимларнинг билим-кўникмаларини синаш, заводимиз учун келгусида етук кадрларни саралаш ва иқтидорли ёшларни аниқлаш мақсадида оғзаки ва ижодий имтиҳон жараёнлари бошлаб юборилди.

Имтиҳонлар директорнинг фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш, инфраструктурани ривожлантириш ва ходимлар бўйича ўринбосари, СХ, ММ ва ХТ хизмати, касаба уюшмаси қўмитаси, ходимлар, юридик, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлимлари мутахассислари, тегишли цех раҳбарлари кузатуви остида олиб борилмоқда. Имтихоннинг шаффоф ўтиши кузатув камералари орқали таъминланмоқда.

Бугун экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими, шунингдек, сув таъминоти ва оқава цехи ёш ишчи-ходим(шогирд)ларининг билимлари синовдан ўтказилмоқда.

Оғзаки ва ёзма шаклда бўлиб ўтадиган аттестация давомида билим-кўникмалари ижобий баҳоланган шогирдларнинг иш берувчи билан шартномасини узайтириш ёки доимий иш ўрни билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилади.

Синовлар давом этмоқда. Янгиликларимизни кузатиб боринг.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати