August 14, 2020

Бухоро НҚИЗ темир йўл цехида ўтказилган "Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ойлиги" натижаларини эълон қилди

Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни кучайтириш, меъёрий ҳужжатлар талаблари ва меҳнат интизомига риоя қилиш, профилактика ишларини юритиш сифатини ошириш, ташиш жараёнини ташкил этиш, назорат қилувчи раҳбарлар ва ходимларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 1 августгача Темир йўл цехида "Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ойлиги" ташкил қилинди ва ўтказилди.

Мана 23 йилдирки Бухоро НҚИЗ хом ашё етказиб бериш ва сотиладиган маҳсулотларни юклашни узлуксиз таъминлаб келмоқда. Ушбу жараёнлар корхонадан углеводород хом ашёсининг кириш ва чиқиш оқимлари миқдорини аниқ ҳисобга олишни талаб қилади.

Бухоро НҚИЗ да хом ашёни қабул қилиш ва жўнатиш учун "Қоровулбозор" темир йўл бекати фаолият юритади.

Бу бекат корхонанинг ажралмас қисмидир. Ўз ишининг табиатига кўра юк хўжалиги бекатидир ва қуйидаги турдаги ишларни бажаради:

- Қоровулбозор бекатига поездларни қабул қилиш ва жўнатиш;

- нефть юкланган юк поездлари ва юкдан бўшатилган поезд таркибларини шакллантириш;

- Хом ашё ва тайёр маҳсулотлар цехини бўш ва юкли вагонлар билан таъминлаш;

- юк ортилган вагонларни завод ҳудудидан чиқариш;

Бундан ташқари, Бухоро НҚИЗ ҳисобида ТЭМ2 русумли иккита манёвр локомотивлар мавжуд бўлиб, улар заводнинг манёвр ишларини олиб боради ва шу русумдаги иккита та манёврли локомотив ижарага олинган.

Ўтказилган ойликнинг асосий мақсадлари ва вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

- интизомни мустаҳкамлаш ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини ошириш;

- Ўзбекистон Республикаси темир йўлларидан техник фойдаланиш қоидалари, поездлар ҳаракати хавфсизлиги, поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган ходимларнинг иш мажбуриятлари бўйича тўғридан-тўғри ишчиларга юклатилган вазифалар бўйича "Ўзбекистон темир йўллари" AЖ ва "Бухоро НҚИЗ" МЧЖ йўриқномалари, кўрсатмалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг бевосита иш жойида бажарилишини назорат қилиш;

- темир йўл транспортининг техник воситаларига ва ҳаракат хавфсизлиги қурилмаларига, айниқса ҳаво ҳарорати кўтарилган даврда хизмат кўрсатиш устидан назоратни кучайтириш;

- техник воситалар ва хавфсизлик мосламаларига техник хизмат кўрсатиш соҳасида ўқитиш ва тажриба улашиш;

- меҳнат жамоаларида хизмат вазифаларини бажаришда чин дилдан ёндашув ва барқарорлик муҳитини яратиш ишларида қатнашиш;

- амалдаги меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, ишни ташкил қилиш, темир йўл ишчи-ходимларининг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;

- цех ҳудуди, иншоотларни, қурилмалар ва хизмат кўрсатиш биноларини ободонлаштириш ва эстетик таъмирлаш;

- цехдаги қурилмаларнинг техник ҳолатини юқори сифатли комиссион кўрикдан ўтказиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чораларни кўриш;

- поездлар ҳаракати ва манёвр ишларини ташкил этишда ходимлар томонидан музокаралар олиб бориш қоидаларига, айниқса хавфли юкларни ташиш қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш;

-хўжалик ҳолатининг(бинолар, иншоотлар, офис ва техник хоналар) талаб қилинадиган меъёрларга мувофиқлигини таъминлаш;

- темир йўл цехи ҳудудини тозалаш.

Темир йўл цехида ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида 2019-2021 йилларга мўлжалланган Концепция ишлаб чиқилган ва қабул қилинган. Ушбу Концепция хизматлар соҳасини такомиллаштириш, ишларни самарали ташкил этиш, янги темир йўл тармоқлари, кесишмаларини яратиш ва ривожланитириш дастурларини бошқаришни қамраб олади.

2019 йилдан бошлаб қуйидаги комплекс ишлар олиб борилди:

- поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигининг самарали ташкил этилишини таъминлаш учун светофорларга янги светодиодли лампалар ўрнатилди. Илгари туман, қор ва ёмғирли ҳавода манёвр ишлари олиб борилганда, эски светофорларнинг кўриниш масофаси 100 метр бўлган бўлса, янгиларининг оқ ва яшил чироқлари(сигналлари)ни 800 метрдан ошиқ масофадан кўриш мумкин;

- цехдаги барча йўл ўтказгичларни электр токи билан таъминловчи элекр симлари янгиланди;
- мавжуд видеокузатув воситалари тўлиқ рақамлисига алмаштирилди. Эндиликда муқум бошқарувчи ва пульт кузатувчилари жараёнларни онлайн тартибда янгиланган электрон табло орқали назорат қилишмоқда;

- 1 дона манёвр тепловози капитал таъмирланди. Айни дамда иккинчи манёвр тепловозини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда;
- манёвр тепловозларига техник хизмат кўрсатиш, ишчи-ходимлар учун ошхона бинолари қурилди, цех ҳудудидаги барча бинолар жорий ва капитал таъмирланди.


Ойлик сўнгида “Юқори натижа ва кўрсатгичларга эришган ва манёвр ишларини тўғри ташкиллаштирган муқим бошқарувчи”, “Газета ва журналларда чоп эттирилган ҳаракат хавфсизлигини тарғиб қилувчи энг яхши мақола ва деворий газета, “Ўз касбининг билимдони”, “Меҳнат мажбуриятларини сифатли бажарадиган ходим”, ““Поездлар ҳаракати хавфсизлиги ойлиги”ни ўтказиш давомида энг фаол қатнашган ташкилотчи”, “2020 йилнинг Энг фидоий ва тажрибали поезд тузувчиси”, “Энг тажрибали машинист” номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати