September 7, 2022

Мустақиллик байрами кенг нишонланди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги юртимиз бўйлаб "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда кенг нишонланди. Жумладан, Бухоро НҚИЗда ҳам қатор тадбирлар амалга оширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан эҳтиёжманд оилалар учун озиқ-овқат тўпламлари топширилди.

Туманда яшовчи 65 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка ёлғиз яшайдиган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, байрам дастурхони учун турли озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Шунингдек, байрам арафасида завод ишчи-ходимлари учун байрам дастурхони ёзилиб, корхона таркибига кирувчи барча цех ва бўлимларда ош тарқатилди.

2-3 сентябрь кунлари заводда фаолият юритиб келаётган ишчи-ходимлар орасидан 50 нафари учун Етти пир зиёратгоҳлари бўйлаб саёхат уюштирилди.

Саёҳат давомида Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний (Ғиждувон), Хожа Ориф Моҳитобон Рeвгарий (Шофиркон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (Вобкент), Хожа Али Роминатий (Ромитан), Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (Ромитан) ва Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбандий (Когон) қабрлари жойлашган масканлар кетма-кетликда зиёрат қилинди.

Бу каби тадбирлар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, байрам кайфияти улашиш, меҳнат жамоаси орасида ҳамжихатликни янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати