Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида талабалар ўз билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашмоқда
Айни кунларда Тошкент кимё-технология институтининг нефть ва нефть-газни қайта ишлаш технологияси ҳамда газни чукур қайта ишлаш технологияси йўналишлари бўйича таҳсил олаётган 3-босқич талабалари Бухоро НҚИЗда амалиёт ўташмоқда.
Заводнинг Ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлими томонидан талабалар ва ўқитувчиларнинг ишлаб чиқаришда амалий кўникмаларга эга бўлиши учун махсус ўқув дастури тайёрланди.
Бевосита технологик майдончаларнинг ўзида кўп йиллик тажрибага эга устоз ишчи-ходимлар бўлажак мутахассисларни нефтни қайта ишлаш, бензин сифатини ошириш, дизель ёқилғиси таркибидан олтингугурт ажратиб олиш, авиа керосин ишлаб чиқариш, нефть ва тайёр нефть маҳсулотларини сақлаш ва ташиш, транспорт объектларидан фойдаланиш, хизмат кўрсатиш шароитлари, шунингдек, қурилмалар, қувур ўтказгичлар тизими объектларини таъмирлаш жараёнлари билан таништиришди. Бу олий ўқув юртлари талабаларининг амалий машғулот ўташи, ўқитувчиларининг эса малака ошириши учун тажриба-синов бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро НҚИЗ нафақат талабалар, балки устоз-педагоглар учун ҳам тажриба алмашиш ва малака ошириш маскани ҳисобланади. Бунинг учун эса талабалар ва институт педагоглари учун етарли шароитлар яратилган.