«Бухоро НҚИЗ» МЧЖ ва Petronas Carigali (Turkmenistan) Sdn Bhd хом нефть етказиб бериш бўйича шартнома имзолашди
Тошкент, 2025 йил 31 январь – Ўзбекистон Республикаси пойтахтида "Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ (БНҚИЗ) ва Petronas Carigali (Turkmenistan) Sdn Bhd (PC(T)SB) компанияси вакиллари ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. Учрашув доирасида хом нефть етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.
Мазкур келишув томонлар ўртасидаги фаол ҳамкорлик ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АЖ иштирокида ўтказилган музокаралар натижасида шаклланган бўлиб, мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш ва нефть-газ соҳасини ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди.
Шартнома "Киянли" конларидан узоқ муддатли ва кафолатланган хом нефть етказиб беришни назарда тутади. Бу эса БНҚИЗ ишлаб чиқариш қувватларининг барқарор юкланишини таъминлаш ва нефтни қайта ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Томонлар келишувнинг асосий шартларини, жумладан, ҳажмлар, етказиб бериш муддатлари ва нарх белгилаш механизмларини муҳокама қилиб, барқарор ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга келишиб олишди.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ ишончли углеводород хом ашёси етказиб беришни таъминлаш ва нефтни қайта ишлаш қувватларини модернизация қилишга қаратилган йўналишларда иш олиб бориб, нефть-газ соҳасида миллий етакчи компания сифатида давлат энергетика стратегиясини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Petronas Carigali каби халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилиш эса глобал энергетика бозорига интеграциялаш, соҳанинг рақобатбардошлигини ошириш ва нефтни қайта ишлашга илғор технологияларни жалб этиш стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади.