February 6

Атроф-муҳитни асраш барчамизнинг бурчимиздир

Бугунги кунда экологик муаммолар инсоният олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Жумладан, ичимлик суви танқислиги, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, яйловлар деградацияси, чўлланиш муаммоси, чиқиндилар, биохилмахилликнинг йўқолиб бориши ва бошқа муаммолар олдида инсон бугун лол қолмоқда. Шу сабабли бу масалаларга давлатимиз раҳбари томонидан халқаро конференциялар, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ассамблеясида нутқ сўзлаб, бундай муаммоларнинг олдини олиш, келажак авлод учун табиатни ўз ҳолича сақлаган ҳолда етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йили деб эълон қилинди ва бу масалада давлат дастурлари қабул қилинди.

Куни кеча Ш.М.Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда
2025 йилдан келиб чиқиб, сув тежамкор технологияларни қўллаш, чиқиндиларни замонавий бошқариш тизими, соҳага илғор технологияларни жорий қилиш, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил давом эттириш масалалари кун тартибига қўйилди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3019 йил 30 октябрдаги
“2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 5863-сонли фармонидан келиб чиқиб, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖда Евро типидаги дизель ёнилғиларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва бунинг натижасида 2020-2024 йиллар давомида ишлаб чиқарилган анъанавий дизель ёнилғиси ва Евро дизель ёнилғиларини шартли тенглаштириб олинганда атмосфера ҳавосига ташланадиган олтингугурт оксидлари 1901 тн дан 113 тн гача 17-18 баробарга ёки 93-94 фоизга камайишига эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 46-сонли фармони ижроси юзасидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ томонидан бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, шулар асосида 44 минг дан ортиқ иқлимга мос манзарали дарахт кўчатлари экилиб, парвариш қилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 81-сонли фармонида кўрсатилган 1-2 тоифали хавфли ишлаб чиқариш объектлар ва унга туташ ҳудудлар атрофида “Яшил белбоғ”лар ташкил этиш юзасидан вилоятнинг иқлими, рельефи ва бошқа гидрогеологик кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда 2023 йил куз мавсумида 170 минг дона, 2024 йил баҳор мавсумида 20 минг дона ва 2024 йил куз мавсумида 10 минг дона иқлимга мос саксовул кўчатлари ҳамда унга қўшимча равишда уруғларидан экиш ишлари олиб борилди. “Яшил белбоғ”ларни ташкил этиш нафақат ишлаб чиқариш жараёнида атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламаларни узоқ масофаларга тарқалишини олидини олишга, ўша ҳудудда экотизимни шаклланишига, биологик хилмахилликни ривожланишига замин яратади.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖда сув ресурсларни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш мақсадида 2023 йилда 10 га, 2024 йилда 10 га майдонда дарахтларни томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилиниб, бу ишларни амалга ошириш учун 3 та ҳовуз,
4 дона насос ҳамда 40 км га тенг томчилатиб суғориш қувурлари ташкиллаштирилди ва бу ишлар жорий йилда ҳам 10 га майдонда томчилатиб суғориш тизимига ўтиш назарда тутилган.

Экологик хавфсизлик нафақат давлатнинг, балки ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Илғор технологияларни жорий этиш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтириш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш барқарор ривожланиш йўлидаги асосий қадамдир. Ўзбекистон “яшил” иқтисодиёт сари дадил қадам ташламоқда ва ҳар бир инсоннинг атроф-муҳитни асрашга қўшган ҳиссаси келажак авлодлар учун катта аҳамиятга эга.

Атроф-муҳитни асраш барчамизнинг бурчимиздир!

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими