May 15, 2023

Бухоро НҚИЗда технологик жараёнларни бошқариш тизимини модернизация қилиш ва режали капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда

2023 йилнинг 10 майидан бошлаб Бухоро НҚИЗда технологик зонанинг технологик жараёнларни бошқаришнинг автоматик тизими ва авария ҳолатини бошқариш тизимини модернизация қилиш ишлари бошланди, параллел равишда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун: Технологик зонанинг технологик жараёнларни бошқаришнинг автоматик тизими ва аварияга қарши автоматик ҳимосини модернизация қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ–2692-сон қарорига мувофиқ маънанан ва жисмонан эскирган ускуналарни жаҳон бозорида синовдан ўтган замонавий жиҳозларга алмаштириш ва янгилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш манзилли рўйхатига киритилган.

Модернизациянинг асосий мақсади автоматлаштирилган бошқарув тизимининг ишончлилиги ва носозликларга чидамлилигини оширишдан иборат.

Ўз навбатида, Капитал таъмирлаш даврида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- газ конденсати ва нефть хом-ашёси аралашмасини атмосфера босими остида ҳайдаш ва гидротозаланган нафтани фракциялаш қурилмасида таъмирлаш ишлари олиб борилди;
- технологик қурилмаларда жойлашган иссиқлик алмашиниш аппарати қувур тўпламлари гидромеханик усулда тозаланди ва бир қисми алмаштирилди;
- каталитик риформинг блокидаги барча реактор қурилмалари, регениратор, сиғимлар тозаланди ва техник кўрикдан ўтказилди;
- газларни фракцияларга ажратиш қурилмасидаги барча сиғимлар, устунлар, иссиқлик алмашиниш аппаратлари тозаланди ва босим остида сув билан синалиб, техник кўрикдан ўтказилди;
- технологик қурилмаларда жойлашган барча реакторлар, устунлар, регенератор, акустик эмиссия усули ёрдамида текширилди ва металлография қилинди.

Барча таъмирлаш ишлари завод фаолиятини яхшилаш, жиҳозларининг хавфсизлиги ва ишончлилигини ошириш ҳамда Бухоро НҚИЗнинг келажакда сифатли ва узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган.

Ўз навбатида, мамлакатимиз аҳолисини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун етарли даражадаги ёнилғи захиралари яратилди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖМатбуот хизмати