Бухоро НҚИЗда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари бўйича ўқув семинари ўтказилди
Ўзбекистон Республикасининг "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги
931-сонли қонуни талабларини амалга ошириш ва ҳалол бошқарув масалаларида институционал жавобгарликни ошириш мақсадида Бухоро НҚИЗда "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг молиявий ва комплаенс назорат департаменти кўмагида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинар манфаатлар тўқнашувини ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий жиҳатлари, ички назорат масалалари, шунингдек, шаффофлик, этика ва коррупциянинг олдини олиш тамойилларига асосланган корпоратив маданиятни шакллантиришга бағишланди.
Семинарда "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг комплаенс инспекторлари Зафар Сатторов, Музаффар Шереков мазмунли презентация ва амалий тушунтиришлар билан иштирок этдилар. Улар ўз чиқишларида қонуннинг меъёрий қоидаларини батафсил ёритиб, манфаатлар тўқнашуви юзага келиш мезонларини белгилаб бердилар, шунингдек, амалдаги тартиб-таомиллар доирасида уни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш механизмларини тақдим этдилар.
Қонун нормаларини кундалик касбий фаолиятда амалий қўллаш масалалари, шунингдек, хизмат вазифаларини бажаришда ходимларнинг шахсий жавобгарлигига алоҳида эътибор қаратилди. Семинар иштирокчиларига хатарларни олдиндан бартараф этиш ва ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлашга қаратилган тарқатма материаллар ва услубий тавсиялар берилди.
Семинар ўтказилиши нефть-газ соҳаси ходимлари ўртасида комплаенс-назорат тизимини жорий этиш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича комплекс
чора-тадбирларнинг бир қисми бўлди. Бухоро НҚИЗ корпоратив бошқарувда шаффофлик ва ҳалоллик тамойилларига риоя қилиш йўлидаги содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.