Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи жамоаси умумхалқ ҳашарида фаол иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 мартдаги № 111–F Фармойишига асосан мамлакатимиз бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла - юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Ҳашар Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш ҳамда Рамазон ойини қарши олишга тайёргарлик кўриш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилади.
Наврўз – умумхалқ байрамини муносиб кутиб олиш учун завод ишчи-ходимлари эрта тонгдан бирдам бўлиб “Нефтчилар” шаҳарчаси, Бухоро НҚИЗ ҳудудини ободонлаштиришга киришишди.
Тадбир доирасида кўплаб ишлар амалга оширилди: дарахтларга шакл берилди оқланди, ариқлар тозаланди, шунингдек, суғориш ишлари ҳам олиб борилди, ҳудудларни тозалаш ишлари ташкил этилди, гул кўчатлари ва дарахт экиш ишлари бошлаб юборилди.
Маълумки, Наврўз – янгиланиш ва яшариш байрами бўлиб, халқнинг ўзаро меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигини намоён этади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖда хайрия ҳашарлари ва экологик акциялар ўтказиш яхши анъанага айланган. Ҳашарга чиқиб, ҳудудни янада тоза ва обод қилишга ўз ҳиссасини қўшган Бухоро НҚИЗнинг барча ходимларига миннатдорчилик билдирамиз!