February 23, 2021

“QuWаtt” русумли ёқилғи бренди учун корпоратив логотип ва шиорни яратиш бўйича танлов ўтказиш тўғрисида НИЗОМ

1. Умумий қоидалар.

1.1. Ушбу Низом корпоратив логотип ва шиорни ишлаб чиқиш бўйича танлов(кейинги ўринда Танлов)ни ўтказиш, натижаларини сарҳисоб қилиш ва ғолибларни тақдирлаш тартибини белгилайди.

1.2. Ушбу низомга мувофиқ танловда заводнинг барча ходимлари иштирок этишлари мумкин.

1.3. Ушбу танлов бўйича ғолибга рағбатлантириш пулини тўлаш заводнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

1.4. Танлов 2 номинация бўйича ўтказилади:

- ““QuWаtt” русумли ёқилғи бренди учун энг яхши корпоратив логотип”;

- ““QuWаtt” русумли ёқилғи бренди учун энг яхши корпоратив шиор”.

1.5. Танлов 2021 йилнинг 20 февралидан 25 мартигача ўтказилади.

2. Танловнинг мақсад ва вазифалари.

2.1. Танловнинг асосий мақсади:

- барча ахборот-реклама ва тақдимот маҳсулотларида ишлатиладиган замонавий, ўзига хос, осон таниб бўладиган логотип ва шиорни яратиш.

- корхона ходимлари ўртасида ижодий ташаббускорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ривожлантириш.

2.2. Танловдан кўзланган асосий мақсад:

- завод бренд ёқилғисининг корпоратив логотипи ва шиорини шакллантириш;

- завод ишчилари орасида ижодий истеъдодларни аниқлаш ва очиб беришга кўмаклашиш.

3. Танлов натижаларини сарҳисоб қилиш шартлари ва тартиби.

3.1. Танлов иштирокчилар таркиби бўйича очиқдир. Танлов шартларига мувофиқ барча танлов ҳужжатларини тақдим этган завод ишчи-ходимлари, муаллифлар гуруҳларининг Танловда эркин иштирок этишига рухсат этилади.

3.2. Танловда ҳар бир иштирокчи ижодий иш учун барча талаблар бажарилиши шарти билан 3 та (3та логотип ва 3та шиор)дан кўп бўлмаган ишларини тақдим қилиши мумкин.

3.3. Логотип ва шиор муаллифнинг икки ёки уч тил( ўзбек, инглиз ёки рус тили)даги вариантлари кўринишида кўриб чиқиш учун тақдим этилиши мумкин.

3.4. Ушбу Низомга мувофиқ танлов иштирокчисининг тақдим этган иши, унинг Танлов шартларига розилигинии англатади.

3.5. Танлов ишларига талаблар:

- логотип ва шиор маҳсулотнинг ўзига хослигини акс эттириши, тушунарли, осон ўқилиши, таниқли ва эсда қоларли бўлиши керак;

- логотип ва шиор “QuWаtt” русумли ёқилғи брендининг шаклланишига, унинг харидоргирлигини оширишга асос бўладиган имкониятга эга бўлиши керак;

- логотипда кичик ўқилмайдиган тафсилотлар бўлмаслиги керак, бу нафақат унинг тушунарли бўлишини мураккаблаштиради, балки ундан фойдаланишда ҳам муаммолар туғдиради;

- логотип ва шиор шрифти осон ўқилиши керак;

- логотип дизайнида учдан ортиқ ранг ва градиентлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас(ранг палитраси аниқ номини кўрсатиш керак);

- логотип ва шиордан корпоратив услубнинг турли элементлари(кўкрак нишонлари, дафтарлар, баннерлар ва бошқалар)да фойдаланишни намойиш этиш маъқулланади;

- танлов материаллари (логотип ва шиор, уларнинг таркибидаги барча элементлар, эскиз) электрон шаклда, jpg, png, ва pcd график форматида тақдим этилади ва Матбуот хизмати электрон почтаси манзили [email protected] ва [email protected] га юборилади.

- бировнинг дизайн ғояларидан (тўлиқ ёки қисман) фойдаланиш қатъиян ман этилади.

4. Танловни ўтказиш тaртиби

4.1.Танлов уч босқичда ўтказилади:

- саралаш(танлов учун ҳужжатларни қабул қилиш): 2021 йилнинг 20 февралидан 15 мартигача;

[email protected] тақдим этилган ишларнинг Ҳайъат томонидан кўриб чиқилиши: 2021 йилнинг 16 мартидан 20 мартигача;

- натижаларни сарҳисоб қилиш: 2021 йилнинг 25 марти.

4.2. Танлов иштирокчиси ““QuWаtt” русумли ёқилғи бренди учун корпоратив логотип ва шиорни яратиш”мавзусини кўрсатиб, Бухоро НҚИЗнинг Матбуот хизматига қуйидаги танлов ҳужжатларини тақдим этади:

- белгиланган шаклдаги ариза (1-илова);

- танлов иши(танлов мақсадларига мос келадиган логотип ва / ёки шиори лойиҳаси)ни;

- хоҳловчилар 2та номинацияда иштирок этиши мумкин.

4.3. Ҳайъатга ишларни юбориш танлов иштирокчисининг Танлов тўғрисидаги Низом билан танишганлиги ва уни ўтказиш тартиби ва шартларига билан танишганлиги тасдиғидир.

4.4. Танлов иштирокчиси ўзи ҳақидаги танловга тақдим этилган маълумотларнинг аниқлигига ва ҳаққонийлигига кафолат беради.

4.5. Иштирокчи Танловга юборилган ишлар учинчи шахсларнинг муаллифлик ҳуқуқи ёки мулк ҳуқуқларини бузмаслигига кафолат беради. Учинчи шахсларнинг муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши аниқланган тақдирда, барча жавобгарлик бузилишга йўл қўйган танлов иштирокчиси зиммасига юкланади.

4.6. Танлов иштирокчилари Бухоро НҚИЗга танловга юборган барча асарлар учун асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида амалга оширилади.

4.7. Низомнинг 4.1-бандида кўрсатилган қабул қилиш муддати тугаганидан кейин тақдим этилган танлов ишлари, шунингдек, аноним бўлган ва боғланиш учун ишончсиз маълумот юборган шахсларнинг ишлар кўриб чиқилмайди ва Танловда иштирок этишларига йўл қўйилмайди.

4.8. Танловга юборилган барча ишлар тақризланмайди ва қайтарилмайди.

5. Танлов ҳайъати

5.1. Танлов натижаларини сарҳисоб қилиш учун ташкилотчилар Ҳайъат тузадилар.

5.2. Танлов ҳайъати:

- танловга юборилган танлов материаллари экспертизасини ва баҳолашни ўтказади;

- овоз бериш (яширин) орқали Танлов ғолибини аниқлайди ва энг яхши асар муаллифини тақдирлаш бўйича қарор қабул қилади;

- қўйилган талабларга жавоб берилмаган тақдирда, танловга ишларни қабул қилмаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

- танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш пайтида юзага келадиган бошқа масалаларни кўриб чиқади.

5.3. Ҳайъат таркиби Бухоро НҚИЗ Директорининг 2021 йил 19 февралдаги
69-сонли буйруғининг 2-иловасига кўра тасдиқланади.

Хайъат таркиби:

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ

1. Б.Ж. Мустафоев - Бош муҳандис
2. A.A. Нурханов - Бош муҳандис ўринбосари
3. З.А. Амонов - Директор ўринбосари
4. Ж.Б. Равшанов - Ишлаб чиқариш - диспетчерлик хизмати бошлиғи
5. Л.О. Пакелиани - ИҲ ва МТБ бошлиғи
6. И.С.Умаров - Директорнинг Ҳуқуқий маслаҳатчиси
7. Р.Г. Ходжиев - ИЛ ва ТИЧТЭБ инновацион менежери
8. Ш.А. Юнусов - Техника бўлими бошлиғи
9. Ш.В. Қурбонов - Лойиҳа- конструкторлик бюроси бошлиғи
10. А.К. Хусенов - СБТБ бошлиғи
11. С.А. Кахорова - Матбуот хизмати мутахассиси
12. М.М. Бакоев - Биржа савдолари бўлими маркетологи

Таклиф қилинганлар:

1. Б.И. Каримов Касаба уюшма қўмитаси раиси
2. Ж.Х. Зияев "Ёшлар иттифоқи" БТ раиси

6. Танлов натижаларини умумлаштириш ва ғолибларни тақдирлаш

6.1. Танловга тақдим этилган ишлар Ҳайъат томонидан қуйидаги мезонларга мувофиқ баҳоланади:

- танловнинг мақсадлари ва талабларига мувофиқлиги;

- логотип ва шиорнинг ижодий, унутилмас бадиий ечими;

- янгилиги, такрорланмаслиги ва ўзига хослиги;

- тақдим этилган ишнинг бажарилиш сифати;

- логотип, шиор, матн, ранг ва визуал ечимларнинг жойлашиши;

- логотип ва шиорни қора ва оқ рангда ҳам рангли шаклларда ҳам ишлатилиши ва таниб олиш имконияти.

6.2. Баҳолаш натижалари бўйича Ҳайъат ҳар бир танлов иши бўйича овоз беради ва якуний ҳайъат йиғилиши баённомаси завод директори буйруғи билан тасдиқланади.

6.3. Танлов ҳайъати ғолибларни эълон қилмасдан танловни якунлаш ёки натижалар қониқарсиз деб топилган тақдирда танловни бир марта маълум муддатга узайтириш ҳуқуқига эга.

6.4. Ғолибни аниқлаш учун учта энг яхши ижодий иш “Ўзбекнефтгаз” АЖга юборилади.

6.5. Танловдаги иши Танлов талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва энг кўп овоз тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.

6.6. Танлов рағбатлантириш фондининг умумий суммаси Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори(кейинги ўринда МҲТЭКМ)нинг 4 баробарига тенг.

6.6.1. ““QuWаtt” русумли ёқилғи бренди учун энг яхши корпоратив логотип” номинацияси учун 1 рағбатлантириш миқдори 3 МҲТЭКМ.

6.6.2. ““QuWаtt” русумли ёқилғи бренди учун энг яхши корпоратив шиор” номинацияси учун 1 рағбатлантириш миқдори 1 МҲТЭКМ ни ташкил қилади.

7. Муаллифлик ҳуқуқи

7.1. Танловда иштирок этаётган иш, муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш учун жавобгарлик ушбу ишни Танловга юборган иштирокчи томонидан амалга оширилади.

7.2. Танлов ғолиби билан Бухоро НҚИЗга тегишли намунадаги логотипдан ягона намунада фойдаланиш бўйича эксклюзив ҳуқуқларни, шу жумладан босма ва электрон шаклда ОАВ, босма маҳсулотлар, реклама ва тасвир материалларини нашр этишда, логотипни оммавий равишда кўпайтириш, чоп эттириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида шартнома тузилади.