Орамиздаги одамлар
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилганлигига шу йил 26 йил тўлди. Мана шу 26 йил давомида заводда елкама-елка туриб, фаолият олиб бораётган меҳнаткаш ишчи-ходимлар бир-бирига қадрдон оила аъзосидек бўлиб қолган десак адашмаймиз. "Орамиздаги одамлар" рукни орқали сиз таниган ва танимаган ишчи-ходимларнинг ҳаёт йўллари ва меҳнат фаолияти билан яқиндан танишамиз.
Бугунги рукн қаҳрамони Расулова Дилафруз Руставеловна – Завод марказий таҳлилхонаси кимёвий таҳлил таҳлилчиси. Қаҳрамонимизни ишга киришдаги илк хотиралари билан суҳбатга чорладик.
– Дилафруз опа биринчи ишга кирган вақтингизни қандай хотирлайсиз?
– Ўзим аслида Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилганман. 1997 йил ноябрь ойида заводга ишга қабул бўлаётганлигини эшитиб, ҳужжатларимни топширганман ва завод марказий таҳлилхонасида намуна олувчи бўлиб ишга қабул қилинганман. Биринчи иш бошлаган пайтимда ёш қиз бўлганлигим сабабли албатта менда кучли ҳаяжон, ишлай оламанми йўқми деган қўрқув бўлган. Иш фаолиятимни айнан шу заводда бошлаганлигим учун ҳали тажрибам бўлмаган. Лекин аста-секин устозларимиздан, Темирбулатова Фавзия, Раззоқова Тўйбиби опалардан ишнинг сир-асрорларини ўрганганман.
– Ушбу иш ҳаётингизда қандай ўрин эгаллайди?
– Биринчи иш жойим шу завод бўлган ва 26 йилдан буён шу цехда фаолият юритмоқдаман. Шу сабабли ишим ҳаётимнинг асосий қисмига айланган, албатта биринчи ўринда оила, фарзандларимиз, уларнинг соғлиги туради. Лекин ишим бўлмаса ҳаётимни тўлиқ тасаввур эта олмайман. Турмуш ўртоғим билан шу иш орқали орзу-ҳавасларимизга бирин-кетин эришмоқдамиз. Мана ҳозирда 2 нафар фарзандимиз тўлов-шартнома асосида олий ўқув юртларида ўқимоқда. Келажакда насиб этса фарзандларимизнинг тўйларини қилиб, бахту камолини кўришни ният қилганмиз.
– Энди иш бошлаган ёшларга, шогирдларингизга нима деган бўлар эдингиз?
– Ҳеч қаерда осон иш йўқ деб ўйлайман. Ҳамма ишни ўзга яраша машаққати бўлади. Ўзида ирода топиб, доимо олдинга интилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Меҳнатдан қочмасдан ишласа албатта яхши натижаларга эришади. Яхши жамоада ишлаш қийинчиликларни умуман сездирмайди. Шундай вақтлар бўлганки, иш қанча кўп бўлса ҳам бир-биримизга ёрдам бериб, кулдириб, кайфиятимизни кўтарганимиздан 12 соат қандай ўтганини билмай қолганмиз. Иш ҳам ўз вақтида бажарилган, жамоа кайфияти ҳам аъло даражада бўлган. Ушбу жамоада ишлаётганимдан, юртимга фойдам тегаётганидан хурсандман.
– Дилафруз опа бугунги самимий суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз, ишларингизга омад, зафарлар тилаб қоламиз!