July 30

Коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва мурожаатларни қабул қилиш ва қайта ишлашнинг самарали регламенти бўйича навбатдаги ўқув-семинар ўтказилди

Жамиятда шаффофлик ва адолатни таъминлаш, фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, ташкилотларда комплаенс назорат тизимини ривожлантириш мақсадида Бухоро НҚИЗда "Коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва мурожаатларни қабул қилиш ҳамда қайта ишлашнинг самарали регламенти" мавзусида навбатдаги ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Семинар давомида коррупциянинг олдини олиш бўйича қабул қилинган ички сиёсатлар, ишчи-ходимлар учун белгиланган ахлоқ кодекси, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ва уларни аниқлаш механизмлари кенг муҳокама қилинди.

Махсус ахборот каналлари орқали келиб тушаётган мурожаатлар, билдирилган шикоят ва таклифларни қабул қилиш, уларни тўғри таҳлил қилиш ҳамда белгиланган тартибда қайта ишлаш бўйича регламент талабларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу ўқув-семинар тизим департаментининг комплаенс инспектори М.Шербеков томонидан олиб борилди. У ўз маърузасида халқаро амалиётлар ва маҳаллий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида самарали комплаенс тизимини жорий этишнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Семинар сўнгида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар, амалий кейслар ва фикр алмашинувлар ташкил этилди. Ходимлар коррупцияга қарши курашда ўз масъулиятини янада теранроқ англаб етиши учун қўшимча методик тавсиялар ҳам берилди.

Коррупцияга қарши кураш — бу фақат расмий ҳужжатлар эмас, балки ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти ва ҳаётий позициясидир.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ PR бўлими