Бухоро НҚИЗ ISO 37001:2016 стандарти бўйича иккинчи инспекцион ташқи аудитидан муваффақиятли ўтди
2025 йил 2 октябрь куни “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖда ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши бошқарув тизими” халқаро стандарти бўйича иккинчи инспекцион ташқи аудит муваффақиятли ўтказилди. Аудит “TUV AUSTRIA Group” халқаро гуруҳининг расмий ҳамкори бўлган “Central Asia Certification” сертификатлаштириш органи томонидан ташкил этилди.
ISO 37001:2016 халқаро стандарти коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларга самарали муносабат билдириш, шунингдек, уларнинг олдини олишга қаратилган коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимига қўйиладиган талабларни белгилайди. Ушбу стандарт корхонанинг шаффофлик, ахлоқийлик ва барча манфаатдор томонлар олдидаги юқори масъулият тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди.
Аудит доирасида мутахассислар заводдаги асосий жараёнларни текшириб, уларнинг стандарт талабларига мувофиқлигини баҳолашди.
Текширув давомида жорий этилган коррупцияга қарши чоралар ва тартиб-таомилларнинг самарадорлиги тасдиқланди, шунингдек, заводнинг барча бўлинмалари ушбу тизимга юқори даражада жалб қилингани таъкидланди.
ISО 37001:2016 бўйича иккинчи инспекцион аудитнинг муваффақиятли ўтказилиши “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ учун корпоратив бошқарув ва коррупцияга қарши курашиш тизимини доимий равишда такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу заводнинг халқаро талабларга жавоб бериши ва Ўзбекистон Республикаси бозорида ва ундан ташқарида ўз обрўсини мустаҳкамлашда давом этаётганининг тасдиғидир.
ISO 37001:2016 коррупция билан боғлиқ хатарларни камайтиришга, шунингдек, ҳамкорлар, мижозлар ва жамоатчиликнинг корхонамиз фаолиятига бўлган ишончини оширишга ёрдам беради.