Орамиздаги одамлар
Ҳар бир инсон ўзгача дунё... Ҳар бир инсоннинг ўзгача ўй-фикрлари, дунёқараши ва босиб ўтган йўли бор. Ушбу лойиҳамиз орқали заводда ишлаётган орамиздаги одамларнинг ҳаёт ҳикоялари билан сизларни яқиндан таништиришга ҳаракат қиламиз. Навбатдаги қаҳрамонимиз сув таъминоти ва оқава цехи машинисти – Қўзиев Жасур Шаропович.
Қўзиев Жасур Шаропович 1972 йил 5 ноябрда Вобкент туманида туғилган. Оилали, 1 нафар фарзанди бор. Ҳозирги кунда оиласи билан биргаликда Вобкент туманида истиқомат қилади. Суҳбатимизни Жасур аканинг заводдаги илк фаолиятлари билан бошладик.
– 1992 йил Бухоро нефть-газ техникумини тамомлаб, 1994 йилдан заводнинг қурилиш жараёнида иштирок этганман. 1997 йилгача қурилиш жараёнида ишлаб, 1997 йил 10 апрелдан заводнинг сув таъминоти ва оқава цехига ишга кирганман. Ўша вақтларда раҳматли Сафаров Зайни ака, Қодиров Амон ака, Лазаревич Александрлар бизга устозлик қилганлар.
– Болалик хотираларингиз ҳақида гапириб берсангиз, қандай ўтган болалигингиз, қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз?
– Болалигимда ҳарбий бўлишни орзу қилганман. Лекин ота-онам бу касбни эгаллашимни истамаганлар. Отам раҳматли ўқитувчи, онам болалар боғчасида ишлаганлар. Оилада 6 нафар фарзанд эдик, ҳаммаси ўғил. Жуда шўх бўлганмиз. Лекин оилада қиз фарзанд бўлмаганлиги сабабли уй ишларида онамга ёрдамчи бўлганмиз. Ҳозир эсласам ўша пайтлар ўзгача эди...
– Бўш вақтларингизда нима билан шуғулланасиз?
– Бўш вақтларимда уйда чорвага қарайман. Кейин гул парваришига қизиқаман. Ҳовлимизда атиргулнинг 10 га яқин тури бор. Гуллар очилган вақт шундоқ кўзни қувнатади. Китоб ўқишни ҳам яхши кўраман. Ҳозирда Саид Аҳмаднинг "Жимжитлик" асарини ўқияпман.
– Ўзингиз севиб ўқийдиган ва бошқаларга ҳам тавсия қиладиган китобингиз қайси?
– Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик ораси" асарини бошқаларга ҳам тавсия қиламан. Ўзимга жуда ҳам ёқади шу асар. Ва яна Одил Ёқубовнинг асарларини ҳам қизиқиб ўқийман.
– Инсондаги қайси хислатлар сиз учун муҳим?
– Аввало инсонда мардлик, ҳалоллик бўлиши керак деб ҳисоблайман. Айниқса эркак кишига мардлик ярашади. Бирор бир ишини битириш учун иккиюзламачилик қиладиган, вазиятга қараб ўзгарадиган одамларни ёқтирмайман.
– Бугунги мазмунли суҳбат учун сизга миннатдорчилик билдирамиз. Келгуси ишларингизда омад ёр бўлсин.