Электрон танлов ва тендер савдоларини ўтказиш бўйича платформа билан танишиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 декабрдаги 4544-сонли "Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ республикада давлат харидларининг танлов ва тендер савдолари орқали электрон шаклга ўтиши босқичма-босқич амалга оширилади.
Бугунги кунга қадар "ХТ-харид технологолари" МЧЖ ва "Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси" AЖ операторлари томонидан электрон танлов ва тендер савдосини ўтказиш учун платформалар ишлаб чиқилган ва фойдаланишга топширилган.
Куни кеча "Бухоро НҚИЗ" МЧЖ мутахассислари учун ушбу электрон тизимлар бўйича таништирув тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот давомида танлов ва тендерларни электрон шаклда ўтказишга имкон берувчи etender.uzex.uz савдо тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Маълумот учун: ушбу электрон портал танловлар ва тендерларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини оширади, қуйидагилар орқали янги тадбиркорларни иштирок этиш учун жалб қилади:
- эндиликда барча ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилади. Илгари қоғоз конвертда тақдим қилинар эди;
- етказиб берувчиларнинг таклифлари инсон омили иштирокисиз автоматик тартибда маълум мезонларга мувофиқ баҳоланади;
- ғолиблар очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида аниқланади. Қабул қилинган қарорлар электрон рақамли имзо ёрдамида электрон баённома шаклида расмийлаштирилади.
"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати