February 10, 2021

Бухоро вилояти Арабхона шаҳарчаси ҳудудини обод қилишда фидокорона ёрдам

"Масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади. Бугун бутун мамлакатда уйғониш даври. Лоқайдлик, ўзибўларчилик билан ўзгариш бўлиб қолмайди. Халққа шароит яратиш, ташаббускорларга кўмаклашиш, тинимсиз интилиш ва меҳнатгина натижа келтиради” Шавкат Миромонович Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятида амалий ташриф билан бўлиб, вилоят тараққиёти ва аҳоли ҳаёти билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек, 2021 йил 29 январдаги кенгайтирилган йиғилишнинг 4-сонли баённомаси, давлат раҳбарининг 2021 йил 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи натижаларига кўра масъул шахсларга Бухоро вилоятининг энг муаммоли ҳудудларини тезлаштирилган муддатларда ободонлаштириш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарлигида Бухоро вилоятининг Олот туманида жойлашган Арабхона аҳоли пунктида Бухоро НҚИЗ томонидан тезкор штаб ташкил этилиб, ишчи гуруҳлар томонидан қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар аниқланди. Булар: боқувчисиз қолган оилалар, имконияти чекланган инсонлар, кам таъминланганлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг бошқа вакиллари.

Икки ҳафта давомида у ерда катта техник ресурсларни жалб қилган ҳолда кенг кўламли ишлар олиб борилди. "Ўзбекнефтгаз" АЖ кўмаги билан Бухоро НҚИЗ томонидан 11 та коттеж таъмирланиб, ободонлаштирилди.

Хусусан, коттежларнинг фасадларини пардозлаш ишлари олиб борилди, битта уй тўлиқ реконструкция қилинди, уйларнинг ҳовлилари ободонлаштирилди: тўсиқлар оқланди, дарахтлар ўтқазилди. Таъмирлаш гуруҳи эгаларга уйларини тартибга келтиришга ёрдам беришди.

"Ҳалқ депутатлари Олот тумани кенгаши депутатлари БНҚИЗга қисқа фурсатларда Арабхона шаҳарчаси ҳудудини обод қилиш ва эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашда кўрсатган беғараз ва фидокорона ёрдами учун Олот тумани халқи номидан ташаккур изҳор қилади".

Бухоро НҚИЗнинг энг муҳим ижтимоий устувор йўналишларидан бири – бу жамият манфаатларига эътибор беришдир.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати