Орамиздаги одамлар
Ҳар бир инсон ўзгача дунё... Ҳар бир инсоннинг ўзгача ўй-фикрлари, дунёқараши ва босиб ўтган йўли бор. Ушбу лойиҳамиз орқали заводда ишлаётган орамиздаги одамларнинг ҳаёт ҳикоялари билан сизларни яқиндан таништиришга ҳаракат қиламиз. Навбатдаги қаҳрамонимиз хом-ашё ва тайёр маҳсулотлар цехи машинисти – Содиқов Амон Яхшибаевич.
Содиқов Амон Яхшибаевич 1970 йил 1 февралда Бухоро шаҳрида туғилган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор. Ҳозирги кунда оиласи билан биргаликда Қоровулбозор туманида истиқомат қилади. Суҳбатимизни Амон аканинг заводдаги илк фаолиятлари билан бошладик.
– 1992 йил Бухоро газ техникумини тамомлаб, МГПУ(Муборак)да иш бошлаганман. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилгандан сўнг, шу заводга ишга кириш учун ҳужжатларимни топширдим. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига малака ошириб қайтганимдан сўнг, 1997 йил январь ойидан заводнинг хом-ашё ва тайёр маҳсулотлар цехида иш фаолиятимни бошладим. Ҳозирги кунга қадар технологик насос ва компрессорлар машинисти вазифасида ишлаб келмоқдаман. 1998 йилда завод томонидан ишчи-ходимлар учун ажратилган уйларга оилам билан кўчиб келганмиз.
– Болалик хотираларингиз ҳақида гапириб берсангиз, қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз?
– Болалигимда мусиқага қизиққанлигим сабабли мусиқа мактабига рубоб чалишни ўрганишга берганлар. Рубоб чалиш – бўш вақтларимдаги қизиқарли машғулотим бўлган. Лекин касб танлашга келганда отам нефть-газ йўналишида ишлаганликлари сабабли мен ҳам шу йўналишни танлаганман. Отам "Ўзбекбургаз" АТПда механик бўлиб ишлаганлар. Ушбу соҳада 40 йил давомида фаолият юритганлар.
– Иш фаолиятингиздаги муҳим жиҳатлар нималардан иборат? Узоқ йиллар давомида жамоа билан ишлашда инсонга нималар ёрдам беради?
– 1997 йилдан буён шу заводда фаолият юритяпман. Аёлим, ўғлим шу заводда ишлайди. Инсон бир жамоанинг аъзоси бўлгандан кейин ҳар кун ҳаракат қилиши керак фойдаси тегиши учун, Ватан ривожи учун оз бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак деб ўйлайман. Қаерда иш фаолиятингизни бошласангиз ҳам у ерда албатта ўз ишини ўргатадиган устозлар топилади. Мен заводга ишга кирганимда цех бошлиғи раҳматли Саидов Даврон ака, Мамахонов Қодирали, Ҳайитов Ойбек, Темиров Анвар ака устозлик қилганлар. Ушбу инсонлардан ишимизнинг сир-асрорларини ўрганганман.
– Бугунги суҳбат учун сизга ташаккур! Келгуси ишларингизда омад ва зафарлар тилаймиз!
– Сизларга ҳам раҳмат. Ушбу лойиҳага таклиф қилганингиз учун миннатдорман. Қизиқарли суҳбатлар яна ҳам кўп бўлишини тилайман.