April 21, 2021

Бухоро НҚИЗ ишлаб чиқариш қувватларини режали ишга туширишга ўтди

Бухоро НҚИЗда технологик ускуналарни профилактик таъмирлаш ишлари олиб борилди – бу технологик қурилмаларнинг ишончлилик даражасини оширади, шунингдек, углеводород хом-ашёсини қайта ишлашда ускуналарнинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилайди.

Aввал хабар қилинганидек, 2021 йилнинг 5 апрелидан 15 апрелигача режалаштирилган таъмирлаш ишлари олиб борилди. 2021 йилнинг 17 апрелидан бошлаб завод барча технологик қурилмаларни ишлаб чиқариш тартибига босқичма-босқич ўтказишни бошлади.

Таъмирлаш ишлари давомида мутахассислар “Aтмосфера босими остида нефт ва газ конденсатини ҳайдаш”, “Умумий нафтани гидро тозалаш” ва “Каталитик реформинг” технологик қурилмаларини таъмирлашди.

Жорий таъмирлаш ишларига атмосфера босими остида ҳайдаш қурилмасидаги технологик печнинг реакцион ва конвектив қувурларини гидромеханик тозалашни замонавий усулларда амалга оширувчи Россиянинг “ХимМонтажНаладка” (Пермь) компанияси жалб қилинди.

Бундан ташқари, “Умумий нафтани гидро тозалаш” технологик қурилмасида мавжуд эски турдаги катализаторни Франциянинг “Axens” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган асосий катализатори “HR-608” бўлган янги турдаги каталитик тизимга алмаштирилди.

Заводни жорий таъмирлаш даврида республика истеъмолчиларига нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш бўйича барча чоралар кўрилди ва нефтъ маҳсулотлари захираси яратилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати